Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами муносабати билан Тошкент Молия институти ректорининг байрам табриги
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам устозлар, институтимиз ходимлари!
Азиз талабалар-ёшлар!
Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоячиси, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлган Бош Қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами муносабати билан, Сиз, азизларни ва Сиз орқали барча ватандошларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Дарҳақиқат, ҳар бир мамлакатнинг Конституцияси айни шу давлатнинг дунёда борлигини, қолаверса, ҳуқуқий асос билан ташкил этилганлигини акслантирувчи далолатномадир. Мустақиллигимиз қомуси – Конституциямиз халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга эгадир. Бу қомусий ҳужжатнинг халқчиллиги шундаки, унда миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, эътиқодимиз, умуман, миллий қадриятларимиз ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқароси бўлган барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, миллий анъаналарини ҳурмат қилиш кафолатланган.
Шунингдек, Конституциямизнинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.
Албатта, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонамизда давлат тараққиётини таълим ва тарбиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Сўнги йилларда мамлакатимизда таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Биргина олий таълим тизимида кенг ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мисол сифатида охирги йилларда юртимиздаги ОТМлар сони кескин оширилди. Кўплаб хорижий нуфузли университетларнинг қўшма таълим дастурлари, филиаллари ташкил этилмоқда. Бундай жараён, албатта, таълим сифати ва тараққиётига катта таъсир кўрсатади.
Хусусан, Тошкент молия институти ҳам мамлакатимиз ва хорижга сифатли ва бугунги меҳнат бозорига рақобатбардош, креатив, замонавий фикрлайдиган малакали кадрлар етиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу борада институтда аниқ белгилаб олинган амалий ишлар қилинмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ жорий йил Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан эълон қилинган олий таълим муассасаларининг миллий рейтингида Тошкент молия институти фахрли 5-ўринни эгаллади. Шунингдек, Олий таълим муассасаларининг илмий салоҳияти рейтингида фахрли 1-ўринни қайд этди. Институтимиз нафақат мамлакатимизда, балки хорижий рейтингларда ҳам илғор ўринларни эгаллашни ўз олдига улкан мақсад қилиб қўйганлигини ҳам алоҳида қайт этиб ўтишимиз лозимдир. Хусусан, Буюк Британиянинг нуфузли рейтинг агентлиги — Times Higher Education томонидан илк бор янги турдаги reporter мақомига (reporter — мазкур мақом рейтингга кириш учун фаол ишлари билан Times Higher Education рейтинг агентлигини эътирофига сазовор бўлган олий ўқув юртларига берилади) эга бўлган 450 та олий таълим муассасалари орасидан жой олди.
Бундай юксак натижаларга эришишимизда, албатта, институтимизда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг, ходимларининг меҳнатларини алоҳида эътироф этмасликнинг иложи йўқ.
Бир сўз билан айтганда, Бош Қомусимиз мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг равнақи, таълим ривожи, фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришларининг кафолатидир.
Азиз ватандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб яна бир бор Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами муносабати билан барчангизни чин қалбимдан табриклайман!