Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
 

Муҳтарам устозлар!
 

Азиз талабалар!
 

Миллатимиз руҳи, миллий ғуруримиз –  ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз икки йиллиги, «21 октябрь – Ўзбек тили байрами» муносабати билан институтимиз профессор-ўқитувчиларини, ходимларини, талаба-ёшларимизни ва барча юртдошларимизни чин қалбимдан табриклайман.
 

Бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимиз ҳар соҳада дунёнинг тез суратлар билан ривожланаётган мамлакатлари рейтингларида юқори ўринларни қайд этмоқда. Бунга, албатта, олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, амалий натижалар сабаб бўлмоқда десак муболаға бўлмайди. Миллий тил эса, мамлакат тараққиёти, жамият ривожида катта ўрин эгаллайди. Ҳар бир халқ, элатни миллий тилсиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки, миллий тилда миллат руҳи, унинг бой тарихий қиёфаси, миллий қадриятлар, собит эътиқодлар акс этган бўлади. Шу боисдан она тилини асраб-авайлаш, унинг мавқеини янада мустаҳкамлаш, ривожлантириш мамлакат тараққиётнинг муҳим омили сифатида қаралади.
 

Сўнгги йилларда юртимизда давлат тилига бўлган эътибор ҳар қачонгиданда кучайди. Хусусан, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бунинг ёрқин далилидир. Фармонга биноан 21 октябрь юртимизда «Ўзбек тили байрами куни», деб эълон қилинди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти тузилмасининг ташкил этилгани ўзбек тилининг нуфузини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, соҳага оид муаммоларни таҳлил этиб, бу борада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш учун хизмат қилмоқда.


Бугун она тилимизни улуғлаш, унинг бой хазинаси, таровати ва нафосатини ёш авлодга етказиш мақсадида юртимизда атоқли шоир ва адибларимиз номларидаги ижод мактаблари, музейлари ташкил этилди. Хусусан, институтимизда ҳам ўзининг ўлмас ва бетакрор асарлари билан она тилимизнинг кенг имкониятларини очиб берган атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор музейи очилди. Таъкидлаш жоизки, буюк адибимизнинг она тилимиз – ўзбек тилида заргарлик билан яратилган ҳар бир асарида боқий ҳақиқат муҳри ва шукуҳи бор. Она тилимизда яратилган бундай бой меросни асраб авайлаш, уни келажак авлодга етказиш барчамиз учун муҳим аҳамият касб этади.
 

Зеро, Она тилимиз – миллатимизнинг руҳи, тарихимизнинг кўзгуси, миллий маънавиятимизнинг асосидир. Шундай экан, она тилимизни эъзозлаш, муносиб ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир!
 

Азиз ватандошлар!
 

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни улуғ байрам билан самимий табриклайман!
 

22:04 / 2021-10-20
Success helper
Success warning