РИХСИХОНИМ ИБРОҲИМОВАНИНГ ТОШКЕНТ МОЛИЯ ИНСТИТУТИГА ТАШРИФИ
Тошкент молия институтининг Талабалар турар жойлари ҳам тобора кўпроқ маънавият, маърифат, маданият ва тарбия ўчоғига айланиб бормоқда. Айрим раҳбарлар ТТЖдаги маънавий-маърифий тадбирларни “қўл учида”, “номига”, “хўжа кўрсинга” ўтказилиши ҳақида танқидий фикрлар билдиришган эди. Шу фикрларни билдирган мутасаддилар 2019 йил 11 октябрда 3-сонли Талабалар турар жойида бўлиб ўтган тадбирга келиб бир кўришса, фикрлари ижобий томонга ўзгарган бўларди. Шу сана 2012 йил 11 октябрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан дунёдаги барча қизларнинг камситилишига қарши курашиш, уларнинг турли ижтимоий муаммоларига бутун дунёнинг эътиборини қаратиш, қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Халқаро қизлар куни” сифатида қабул қилингандан буён дунё мамлакатларида кенг нишонланади. Халқаро қизлар куни муносабати билан институтнинг Иқтисодиёт факультети ҳамда факультет Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти фаоллари 3-сонли ТТЖга истеъдодли театр актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳибаси Рихсихоним Иброҳимовани таклиф қилдилар ва “Қизлар тарбиясида санъатнинг ўрни” деб номланган давра суҳбати уюштирдилар. Ўзининг мўътабар ёшига, соғлиғидаги бироз ўзгаришлар бўлганига қарамай, Рихсихон ая ташкилотчиларнинг таклифларига розилик билдириб, 2 соатдан ортиқ вақт давомида талаба-қизлар билан дилдан суҳбат қурдилар, театр санъати ва ундаги муаммолар, санъаткорларнинг ҳаёти ва ижоди, ёш авлоднинг тарбиясида, маънавиятининг шаклланишида адабиёт ва санъатнинг, айниқса театрнинг тутган ўрни ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар, ўз репертуарларидан намуналар ижро қилиб бердилар. Аянинг ижросидан таъсирланган талаба-қизлар ҳам ўзбек шоирларидан Чўлпон, Зулфияхоним, Абдулла Ориповнинг ижодларига мансуб шеърларни алоҳида жозиба ва эҳтирос билан ўқиб бердилар. Уларнинг бу ижроларидан меҳмон санъаткор жуда мамнун бўлди ва ТТЖнинг “Ташрифлар китоби”да дастхат қолдираётиб, “Молия институти талаба-қизларининг билими ва истеъдоди мени лол қолдирди, мен бу тадбирда институт устозларининг тинимсиз меҳнатларининг самарасини кўрдим, ҳаммаларига омад тилайман!” деб ёзиб қўйди. Маънавий маданияти етук, драматик образларни қиёмига етказиб катта жозиба билан ўйнайдиган, қамрови катта, эл-юрт ичида алоҳида ҳурматга сазовор бўлган актрисанинг Талабалар турар жойига ташриф буюрганидан хабар топган “Бухгалтерия ҳисоби” кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори профессор Каримов Акром Аббосович кафедранинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари билан келиб, Рихсихон аянинг ўзлари ва санъатларига чексиз ҳурмат ва эҳтиромларининг ифодаси сифатида кўркам гулдаста тақдим этдилар ҳамда санъаткорга ва талаба-қизларга чиройли тилаклар билдириб қайтдилар. Давра суҳбатини институт Хотин-қизлар кенгаши раиси Б.Нурмухамедова олиб борди. Шунингдек, тадбирда Иқтисодиёт ва Банк иши факультетлари Хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари раислари ва фаол аёллари Д.Худойбердиева, З.Худойберганова, У.Ганиева, ТТЖда истиқомат қилувчи талаба-қизлар иштирок этдилар. |