Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам устозлар, институтимиз ходимлари!
Азиз талаба-ёшлар!
Аввало, институтимиз профессор-ўқитувчиларини, ходимларини ва эртамиз умиди бўлган талаба-ёшларимизни ўзбек миллий урф-одатлари, қадр-қиммат, меҳр-мурувват ва анъаналар тимсоли, янги кун, уйғониш ва янгиланиш, янги нафас байрами – Наврўз айёми муносабати билан шахсан ўзим ва институт раҳбарияти номидан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Таъкидлаш жоизки, ушбу қадимий байрамнинг руҳи ва фалсафасида мужассам бўлган яшариш ва янгиланиш, яхшилик ва бағрикенглик, табиатни асраб-авайлаб, доимо у билан уйғун бўлиб яшаш каби ўлмас ғоялар бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий мақсади ва маъно-мазмунига ғоят ҳамоҳангдир.
Сир эмаски, бугунги кунда жонажон Ўзбекистонимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли амалий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, таълим тизимида ҳам катта имкониятлар яратилмоқда. Ривожланиш ва тараққиётнинг асосий устуни нимада деб сўрасалар, ҳеч иккиланмасдан таълим ва илм дея айта оламан. Агар бугун биз илм йўлидан шахдам одимласак, мамлакатимиз тараққиётида янада катта-катта ютуқлар, ўзгаришлар бўлаверади. Албатта, илм йўлидан борар эканмиз сифатли таълим масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, биз фаолият юритаётган олий таълим тизимининг энг асосий таянчи ҳам сифатли таълимдир.
Тошкент молия институтида ҳам таълим сифатни ошириш, талаба-ёшларимизни бугунги меҳнат бозорида рақобатбардош, эркин ва мантиқий фикрлай оладиган, креатив, нафақат молия-иқтисод йўналишидаги билимларни, балки замонавий касбларни, замонавий ИТ технологияларни эгаллаган ҳолда ўрин эгаллашлари борасида қатор амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда биз олийгоҳимиз нафақат инновацион фаолият, балки мамлакат иқтисодиёти реал секторининг ҳам тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиши, халқаро таълим тизимига интеграциялашуви, шу жумладан, бизнес-инкубаторлар ва технопарклар инфратузилмаси ва тизимидан фойдалана олиши ва замонавий ютуқларни баҳолаш, уларни келгусида амалиётга татбиқ эта олиш имкониятига ҳам эга бўлиши керак деб ҳисоблаймиз.
Олдимизга қўйган улкан марраларни забт этишимизда, олиб борилаётган хайрли ишларда Яратганнинг ўзи қўлласин.
Азиз ватандошлар!
Яна бир бор фурсатдан фойдаланиб, шарқона янги йил, уч минг йилдан зиёд тарихга эга, азиз ва суюкли миллий байрамингиз – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Барчамизнинг эзгу орзу ниятлармиз ушалсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!
Тўлқин Тешабаев,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.