Ўзбекистон-Тожикистон ҳамкорликдаги қўшма таълим дастури: дастлабки амалий натижалар ва истиқбол
Бугунги кунда Тошкент молия институти қатор хорижий олий таълим муассасалари билан истиқболли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида самарали ва мақсадли саъй-ҳаракатлар амалга оширмоқда. Хусусан, ушбу йўналишда Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури доирасида бугунги меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ рақобатбардош кадрларни тайёрлаш борасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Марказий Осиёнинг етакчи олий таълим муассасаларидан саналадиган ушбу таълим муассасалари ўртасидаги келишувга асосан қўшни мамлакатларнинг таълимни ташкил этиш борасидаги тажрибаси узвийлиги негизида ТМИ-ТДҲБСУ қўшма факультети ташкил этилган эди.
Ҳамкорларнинг келишувга биноан, Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университетида дастлабки икки ўқув йилида муваффақиятли таҳсил олган ҳамда 12 нафар талаба “1+3” қўшма таълим дастурига мувофиқ 2023/2024 ўқув йилида қўшма таълимнинг учинчи босқичини Тошкент молия институтида бошлади.
Шу муносабат билан жорий йил 6 сентябрь куни ТМИ ректори проф. Т.Тешабаев мазкур талабалар билан бевосита учрашиб, мулоқот қилди ва уларни Тошкент молия институтига ташрифлари ва ўқув йилини муваффақиятли бошлаганликлари билан самимий қутлади. Шунингдек, ректор талабалар билан суҳбатлашиб, институт талабасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида тўхталиб ўтди.
Мулоқот якунида ТМИ-ТДҲБСУ қўшма факультетининг 3 курс талабаларига институт брендини ўзида акс эттирувчи костюмлар ректор Т.Тешабаев томонидан совға қилинди.
ТМИ-ТДҲБСУ қўшма факультетининг Тожикистон Давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университетидан ташриф буюрган талабалар, ўз навбатида, институтда улар учун яратилган қулай шарт-шароит ва имкониятлардан ҳамда ўқув жараёнлари юқори савияда ташкил этилганлигидан мамнун эканлигини қайд этишди.