Тошкент молия институти “Alibaba Group” компанияси билан “Рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат” соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилади
Мамлакатимиз таълим ва илм-фан жараёнларида мутлақо янги йўналиш бўлган “Рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат” соҳасига замонавий кадрлар тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш мақсадида Тошкент молия институти ректори У.Азизов бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасининг Ханчжоу шаҳрида “Alibaba Group” компанияси томонидан “Digital Transformation through Education” (Таълим орқали рақамли транформация) мавзусида ўтказилаётган халқаро тадбирда иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро тадбир давомида дунёнинг рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат соҳасида энг асосий марказларидан бирига айланган “Alibaba Group” компаниясининг бош қароргоҳида Alibaba Global Initiatives, Alibaba Business School ва Тошкент молия институти ўртасида рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу борада талабалар ва профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш, малака ошириш ҳамда уларнинг алмашинувини амалга ошириш борасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шартнома Alibaba Global Initiatives компанияси вице-президенти Брайан Вон ва Тошкент молия институти ректори У.Азизов томонидан имзоланди.
Халқаро тадбирда Хитой, Тайвань, Малайзия, Индонезия, Ўзбекистон, Россия, Камбоджа ва бошқа қатор давлатлар олий таълим муассасалари раҳбарлари, рақамли иқтисодиёт ва электрон тижорат соҳасида йирик компаниялар вакиллари ва мутахассислари иштирок этишмоқда. |