Институтнинг “Ўзбекинвест” компанияси билан ҳамкорлиги янги форматда давом этмоқда
Маълумки, 2023 йил 28 сентябрь куни “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясида “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг тўлиқ таъмирдан чиқарилган ва замонавий жиҳозланган ўқув хонаси фойдаланишга топширилган эди.
Таълим ва амалиёт ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаси бўлган кафедра филиалида 2023 йил сентябрь-декабрь ойлари учун мўлжалланган ўқув машғулотлари режасига мувофиқ жорий йил 4 ноябрь куни навбатдаги амалий дарс машғулотлари бўлиб ўтди.
“Ўзбекинвест” компанияси қайта суғурталаш ва халқаро алоқалар департаменти менежери Ш.Хабибуллаев талабаларга “Компаниянинг қайта суғурталаш фаолияти ва хорижий қайта суғурта компаниялари тажрибаси” мавзусида амалий машғулот ўтказди. Дарс жараёнида талабаларга бугунги кунда “Ўзбекинвест” суғурта компаниясининг қайта суғурталаш бўйича халқаро ва миллий ҳамкорлари, қайта суғурталашни амалга ошириш ва амалиёти юзасидан оддий ва содда тилда маълумотлар берилди.
Амалий машғулот дарсларида “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси доценти Н.Якубова бошчилигида Солиқлар ва суғурта факультети, 1-курс, СС-63 гуруҳи талабалари иштирок этди.
Сўнгги сўз ўрнида айтиш керакки, “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг “Ўзбекинвест” суғурта компаниясида бўлиб дарс машғулотлари талаба-ёшларда катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда. Институт раҳбарияти билан келишган ҳолда кафедра бундан кейин ҳам ушбу нуфузли компания билан янги лойиҳалар ва йўналишларда ҳамкорликни юқори босқичда давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.