Вулверхемптон университети билан ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди
Хабар берганимиздек, институт вакиллари 27-30-ноябрь кунлари Лондон шаҳрида Ўзбекистон-Британия савдо-саноат кенгашининг (“UBTIC – Uzbek-British Trade & Industry Council”) 27-йиғилишида иштирок этмоқда.
Ушбу йиғилиш доирасида ТМИ Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори А.Исламкулов Буюк Британиянинг Вулверхемптон шаҳрида жойлашган Вулверхемптон университетига ташриф буюрди. Вулверхемптон университети Марказий Осиё бўйича координатори, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор ўринбосари Адам Ярдлей билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун айтиб ўтамиз, университет Буюк Британиядаги қадимий олийгоҳлардан бири ҳисобланиб, 1932 йилда ташкил этилган. Вулверхемптон университети ўз фанлари ва таълим дастурлари кўлами жиҳатидан кенг қамровли муассаса ҳисобланади. Олийгоҳдан бугунги кунда 14 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Университет “The World University Rankings”да 601-800 ўринни, “QS World University Rankings”да 1001-1200 ўринни, “Europe University Rankings - Northern Europe (Шимолий Европа)”да 126 ўринни эгаллаб турибди.
Олийгоҳнинг инглиз тилида ўқитиладиган иқтисод-молия соҳасига оид дастурлари мавжуд. Хусусан, Бизнес ва иқтисодиёт факультети таркибидаги “Бухгалтерия ва молия”, “Бизнес ва менежмент”, “Иқтисод ва эконометрия” каби таълим йўналишлари шулар жумласидандир.