Халқаро миқёсидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди
2023 йил 18 ноябрь куни Тошкент молия институтида Урал давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11-сентабрдаги ПФ-158-сон “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги, 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йиллардаги Тараққиёт Стратегияси тўғрисида”ги, 2020 йил 12 майдаги ПФ-5992-сон “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонларида белгиланган устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси банк тизимида омонатларни кафолатлашнинг замонавий механизмлари” мавзусидаги халқаро миқёсидаги илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий барқарорлик департаменти директори Р.Д.Махаммадиэв, “Омонатларни суғурталаш агентлиги” давлат корпорацияси бош директорининг ўринбосари Н.В.Федорова, АТ Халқ банки Стратегия департаменти директори Д.П.Шарипов, Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди директори Н.И.Аббосов, “Тенге Банк” АТБ Бошқарув Раиси ўринбосари У.У.Таваккалов, “АНОР БАНК” АЖ Корпоратив бизнес департаменти директори ўринбосари Р.Г.Усманов, Тошкент молия институт Банк иши кафедраси профессори, и.ф.д., профессор А.А.Омоновлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шу билан бирга тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари ходимлари, хорижий ва маҳаллий профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этишди.
Банк тизимида ислоҳотларни жадаллаштириш, банк хизмати кўрсатишни модернизация қилиш, банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш ва фаолиятини автоматлаштириш, давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, банк ишининг замонавий стандартларини, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш, кредитлаш ва банк омонатлари ҳажмини ошириш, банк омонатларини ҳимоялашни кафолатлашни такомиллаштириш, банкларни хусусийлаштириш, нуфузли чет эл банкларини жалб қилиш, банкларга халқаро тан олинган минимал стандарт ва талаблар асосида пруденсиал меъёрлар ва назорат базаларини такомиллаштириш, тижорат банкларида ислом молияси мезон ва тартибларини жорий этиш, банк хизматлари оммабоплигини ошириш каби муҳим масалалар муҳокама этилди ҳамда тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.