“Янги Ўзбекистон тараққиётида олима ва оқила аёлларнинг ўрни” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 март куни Тошкент молия институтида “Янги Ўзбекистон тараққиётида олима ва оқила аёлларнинг ўрни” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот институтларида фаолият олиб борувчи олима аёллар ҳамда хотин-қизлар жамоат ташкилотларининг раҳбарлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, институтнинг олима аёл профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талаба-қизлари иштирок этдилар.
Анжумандан кўзланган мақсад, 2022 – 2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда уни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш ҳисобланади.
Тадбирда “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда оқила ва олима аёлларнинг роли”, “Ўзбекистон ёш олималарининг илм-фанга қўшаётган ҳиссаси”, Илм-фанда гендер тенгликни таъминлаш”, “Узоқ ҳудудларда яшовчи хотин-қизларнинг илм-фандаги фаоллигини ошириш”, “Олий таълим тизимида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш”, “Фан ва инновациялар тараққиётида олима аёллар илмий салоҳиятидан фойдаланиш” каби масалалар муҳокама қилинди.
Илмий-амалий анжуманда кўтарилган мавзулар ва муҳокама қилинган мавзулар натижаларига кўра хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда оқила ва олима аёлларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда уларни амалга ошириш учун вазифалар белгилаб олинди.