“Молия” кафедраси – “Китоб улаш” акциясининг иштирокчиси
2019 йил 26 апрель куни Тошкент молия институти “Молия” кафедрасининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган “Китоб улаш” акцияси доирасида Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган ва кафедра билан ўқув-услубий, маънавий-маърифий фаолиятда ҳамкорлик қилиб келаётган 9-Ихтисослашган давлат умумтаълим мактабига ташриф буюрдилар ҳамда мактаб ўқувчиларига 60дан ортиқ бадиий ва илмий китоблар ва болалар адабиёти намуналарини топширдилар.
Тадбирда “Молия” кафедраси мудири проф. Т.Маликов, институт Мураббийлар кенгаши раиси У.Ражабов, 9-ИДУМ директори М.Мақсудбекова, Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ж.Самиев, кафедра профессор-ўқитувчилари ва 40 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбирда сўзга чиққан проф. Т.Маликов китобхонликнинг ёшлар тарбиясидаги ўрни, ёшларнинг маънавий шаклланишида китоб мутолааси ва китобга бўлган муҳаббатнинг аҳамияти тўғрисида ўз фикрлари билан ўртоқлашди, устознинг дилкаш суҳбатлари ўқувчи-ёшларни китоб ўқиш ва билим олишга рағбатлантирди.
9-умумтаълим мактаби директори М.Мақсудбекова Тошкент молия институти ректори номига “Молия” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан мактаб кутубхонасига тақдим этилган китоблар учун мактаб маъмурияти номидан ташаккурнома тақдим этди ҳамда мазкур акцияни қўллаб-қувватлаган барча устозларга ўз миннатдорчилигини билдирди.