Тошкент молия институти ректори в.в.б. Меҳмонов Султонали Умаралиевичнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни муносабати билан байрам табриги
Ҳурматли хамкасблар, азиз Устозлар!
Аввало, Сиз азизларни, таълим-тарбия соҳасида меҳнат қилаётган барча педагог ходимларни касб байрамингиз, мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана - “Ўқитувчи ва мураббийлар” куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман!
Қадрли устозлар!
Охирги йилларда мамлакат олий ўқув юртлари ичида институтимизни нуфузи ошиб бораётганлиги алоҳида эътироф этилмоқда, бу ҳам бўлса профессор-ўқитувчиларимизни камтарона меҳнатлари натижаси деб қараш ўринли деб ҳисоблайман.
Бугунги ва эртанги кун авлодларини жисмоний ва маънавий соғлом қилиб тарбиялашда, ижодий қобилиятларини кашф этишга ёрдам беришда ва уларни ривожлантиришда ҳамда жамиятда ўз ўрнини топа оладиган замонавий касб эгаларининг камолотида янгича, инновацион фикрлайдиган Сиз азиз ўқитувчиларнинг ўринлари беқиёс. Шу ўринда бу Сиз каби меҳнатсевар ъустозлар олдидаги энг оғир вазифа ва жуда катта меҳнат ва масъулият демакдир. Бу ўринда институтимизнинг аҳил устозлар жамоаси бор масъулиятни бўйнимизга олишимиз, керак бўлса локоматив вазифасини бажармоғимиз лозим.
Бугун дунё бўйлаб тарқалган касаллик фуқаролар соғлиғига хавф солиш билан бирга, пандемия давлатимиз бошқаруви самарадорлиги ва мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини ҳамда таълим тизимини ҳам жиддий синовдан ўтказмоқда. Пандемия кўп жиҳатдан дунё бўйлаб одамлар ҳаётини ўзгартирди, синовли кунларда сабр қилиш кўникмасини шакллантирди, катта-катта иқтисодий ёқотишлар ва қийинчиликларни вужудга келтирди аммо инсониятни ўқитувчилар ишига янгича назар ташлашга, уларнинг жамиятдаги улкан ролини чинакамига қадрлашга мажбур этди.
Пандемия даврида таълим тизими ходимларининг касбий фаолиятида сезиларли ўзгаришлар юз берди. Бугун ҳар бир педагог, ҳар бир таълим-тарбия соҳаси вакилига осон эмас. Улар талабаларга таълим ва тарбия беришда ўз олдидаги масъулият ва мажбуриятларни бажаришда, ҳар куни янгиланиб бораётган дунё билан ҳамнафас бўлишда, илғор технологияларни профессионал даражада ўзлаштиришларида шахсий салоҳиятларини рўёбга чиқариб, ўз устларида доимий ишлашга, касбий-педагогик маҳорат ва билимларни оширишда доимий изланишда бўлишга мажбур бўлмоқдалар. Буни барчаларимиз юракдан ҳис қилмоқдамиз ва Сиз азиз устозларнинг меҳнатларини қадрлаймиз!
Ҳаётимизни мактабдан то касбий камолот давримизгача илм ва зиё нури билан тўлдирадиган қадрдон устоз ва мураббийлар! Яна бир бор Сизларни қутлуғ айём билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда катта муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу-барака тилаб қоламан! Юрагимнинг туб-тубидан "Борингиз учун раҳмат, азиз устозлар!» дейман!
Тошкент молия институти ректори в.в.б.
Меҳмонов Султонали Умаралиевич.