ХОРИЖ УНИВЕРСИТЕТЛАРИ БИЛАН АЛОҚАЛАР ВА МАЪРУЗА ДАРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ХОРИЖ УНИВЕРСИТЕТЛАРИ БИЛАН АЛОҚАЛАР ВА МАЪРУЗА ДАРСЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

    Польшанинг Краково иқтисодиёт университети билан тузилган ўзаро меморандум асосида институтнинг Банк иши кафедраси мудири и.ф.д., проф. Акром Омонов жорий йил апрел ойининг биринчи ярмида Ерасмус+КА107 доирасида университетда ўтказилган “Халқаро ҳафталик”да қатнашиб қайтди.

 

    “Халқаро ҳафталик”да ўндан ортиқ мамлакатнинг иқтисодиёт йўналишидаги университетидан йигирмага яқин профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Хусусан, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университети, Жанубий кореянинг СолБредж халқаро бизнес мактаби, Гонг Конг Линган университети, Киев миллий университети, Албаниянинг “Aleksander Xhuvani” унверситети, Қозоғистон давлат университети, Сербия ва Хорватия мамлакатлари иқтисодиёт университетларининг профессор-ўқитувчилари шулар жумласидандир.

 

    “Халқаро ҳафталик” давомида А.Омонов тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон иқтисодий ва ижтимоий ҳаёти ҳамда Тошкент молия институти ҳақида тақдимнома ўтказди, шунингдек Кракова иқтисодиёт университети бакалавр ва Ерасмус халқаро талабаларига “Ўзбекистон банк тизими ва монетар сиёсатини татбиқ этилиши” мавзусида 8 соатлик маъруза дарсларини ўтди.

 

    Шу билан бирга, Кракова иқтисодиёт университети Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Агнезеска Наврока ва Банк иши кафедраси мудири доктор Эва Миклазивска билан институтимиз ва кафедрамиз ўртасида ўзаро тажриба алмашиш бўйича курслар ташкил этиш, шунингдек халқаро грантларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

 

    Бундан ташқари “Халқаро ҳафталик” доирасида иштирок этган бошқа мамлакатлар институтлари, хусусан Жанубий Корея, Украина, Албания, Қозоғистон ва Хорватия иқтисодиёт университетлари ҳамкасблари келгусида таълим грантлари ва илмий изланишлар доирасида ўзаро алоқаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.

 
11:21 / 2019-04-24
Success helper
Success warning