Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари муҳокама этилди
2022 йилнинг 6 июнь куни Тошкент молия институтида Франциянинг тараққиёт агентлиги делегацияси вакиллари иштирокида ўзаро манфаатли хамкорликни йўлга қўйишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Франция тараққиёт агентлиги марказий офиси лойиҳа раҳбари Ком Дешери бошчилигидаги делегация институт ректори Т.Тешабаев, Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор А.Исламкулов ҳамда Халқаро ҳамкорлик бўлими ходимлари томонидан қабул қилинди.
Учрашувда Франциянинг тараққиёт агентлиги ҳамда Тошкент молия институти ўртасидаги қуйидаги истиқболли хамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди, жумладан:
- «Яшил иқтисодиёт» бўйича давлат сиёсати қарз дастурини амалга ошириш чоралари;
- “Green budget”, “Green procurement”, “Green taxation” лойиҳалари бўйича илмий-тадқиқотларни олиб бориш, ушбу лойиҳалар бўйича қўшма ўқув-семинарларини ташкил этиш;
- «Яшил иқтисодиёт» бўйича ташкил этиладиган қўшма лойиҳаларда Тошкент молия институтининг иштирокини таъминлаш ва бошқалар.
Учрашув давомида институтнинг «Яшил иқтисодиёт» бўйича амалга ошираётган илмий-тадқиқот фаолияти ва салоҳиятини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
Шунингдек, институтда жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган “Humanistic-philosophical, socio-historical aspects of the strategy of transition to a green economy” мавзусидаги илмий конференцияга тайёргарлик ишлари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.