Талабалар ўқишини кўчириш: қулайлик ва имкониятлар
Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, ўқув жараёнига замонавий технологияларни жорий қилиш орқали таълим сифатини ошириш, юқори салоҳиятга эга илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, кўп жиҳатдан, олий таълим муассасаларига энг билимдон, иқтидорли ёшларни қабул қилиш билан чамбарчас боғлиқ.
Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига фуқароларни ўқишга қабул қилиш тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди. Абитуриентлар ўзлари яшаб турган жойдан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган истаган институт ёки университетига бемалол ҳужжат топширишлари мумкин. Сир эмас, бундан беш-олти йил олдин буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди.
Айниқса, фуқароларнинг ўқишини кўчириш борасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни алоҳида тилга олмасдан илож йўқ. Аввало қайд этиш лозимки, фуқароларнинг ўқишини кўчириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-279-сон қарори билан хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган, жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1000 та ўринни бирини эгаллаган олий ўқув юртларидан талабалар ўқишини Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришда тест синовлари ўтказилиши белгилаб қўйилди. Бунда тест синовлари бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланади ва Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Агар буни Тошкент молия институти мисолида қарайдиган бўлсак, 2022/2023 ўқув йилида хорижий олий ўқув юртларидан ўқишини ушбу институтнинг таълим йўналишларига кўчириш учун тест синовлари топширган талаба камида 105 балл олиши керак. Эътибор беринг, бундан икки йил аввал кириш бали 56,7 баллни ташкил этган.
Энди тасаввур қилинг, абитуриент камида 130-140 балл олиб институтга ўқишга кирсада, хорижий олий ўқув юртидан ўқишини кўчирган талаба тест синовларида 56,7 балл билан ўқишга қабул қилинса. Очиғини айтиш керак, бу ҳолат бошқа олий ўқув юртларини билмадиму, лекин бизнинг институтда маълум маънода таълим сифатини пасайишига сабаб бўлди. 2020/2021 ўқув йилида 550 га яқин фуқаролар хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишларини Тошкент молия институтига кўчирган. Тажриба шуни кўрсатаяптики, уларнинг аксариятининг институтда ўқитиладиган фанларни ўзлаштиришлари қийин кечаяпти ёки академик қарздор бўлиб қолмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда хорижий олий таълим муассасаларидан ўқишини давлат олий таълим муассасаларига кўчириш учун ўтказиладиган тест синовларида кириш балининг 105 балл этиб белгиланишини тўғри деб ҳисоблайман.
Яна бир жиҳат. Мамлакатимиз фуқароларини турли йўллар билан хорижий олий ўқув юртларига (яқин хорижий мамлакатлар назарда тутилмоқда) ўқишга киритиш, энг қизиғи бир йилдан кейин Ўзбекистоннинг ҳар қандай олий ўқув юртларига ўқишини кўчириб беришда “амалий ёрдам” кўрсатадиган консалтинг фирмалари, гуё ёмғир ёққандан сўнг қўзиқоринлар қандай кўпайса, шундай кўпайиб кетди. Албатта, ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бундай салбий ҳолатнинг олди олинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарорларига асосан 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талабалар ўқишини хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларидан Ўзбекистон Республикаси давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчиришга рухсат этилмайди. Буни оддий тилда тушунтирадиган бўлсак, хорижий олий таълим муассасаларининг нотурдош таълим йўналишларида ўқиган талаба ўқишини Тошкент молия институтининг бирорта таълим йўналишига кўчира олмайди.
Биз юқорида “ташқи кўчириш” деб ном олган талабалар ўқишини кўчиришнинг айрим хусусиятлари тўғрисида тўхталиб ўтдик. Ҳолбуки, талабалар ўқишини “ички кўчириш” ҳам мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 июндаги “Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-279-сон қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига ўқишини кўчиришга фақатгина талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун ва давлат органлари ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида рухсат берилади. Бошқа ҳолатларда талабалар ўқишини кўчириш мумкин бўлмайди.
Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари, иккинчи ва ундан кейинги олий таълимга ўқишга кириш учун абитуриентлар махсус электрон дастурлар орқали онлайн рўйхатдан ўтгани каби хорижий ва миллий олий ўқув юртларидан ўқишини бошқа олий таълим муассасаларига кўчираётган фуқаролар учун анча қулайлик яратилди. Ушбу ўқув йилида ўқишини хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан кўчирмоқчи бўлган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва республиканинг бир олий таълим муассасасидан бошқа олий таълим муассасасига ёки бир олий таълим муассасаси доирасида ўқишини кўчирмоқчи бўлган талабалар transfer.edu.uz расмий сайтлари орқали онлайн рўйхатдан ўтиш имкониятига эга бўлдилар.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, талабалар ўқишини кўчириш борасида йўлга қўйилган янги тизим олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошишига, шунингдек, фуқаролар томонидан ўқишини кўчиришда масъулият билан ёндашишларига, энг асосийси, ўз билимларини янада кучайтиришларига туртки бўлиши аниқ. Бу албатта, юқори малакага эга бўлган олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Т.Тешабаев
Тошкент молия институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор