Олий ва ўрта махсус таълим вазири Тошкент молия институтида бўлиб, олийгоҳдаги шароитлар билан яқиндан танишди

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Тошкент молия институтида бўлиб, олийгоҳдаги шароитлар билан яқиндан танишди

Жорий йилнинг 24 май куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Тошкент молия институтида бўлиб, олийгоҳдаги шароитлар билан яқиндан танишди. Ўқитувчи-профессорлар билан тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳада эришилаётган ютуқлар қуйи тизимда қандай самара бераётгани, қайси механизмлар амалиётда самарасиз ишлаётгани ҳақида ўзаро фикрлашилди, янги ўқув йилида кейинги векторлар белгилаб олинди.

Дастлаб, институтда фаолит олиб бораётган Бандлик маркази кўздан кечирилди. Бу ерда талабаларни иш билан таъминлаш, бошқа олий ўқув юртлари талабалари билан ҳам ҳамкорлик қилиш имконияти мавжуд экани ҳақида ахборот берилди.

 

 

 

Шундан сўнг, институт раҳбариятидан холи профессор-ўқитувчилар, деканлар, кафедра мудирлари билан учрашув бўлиб ўтди. Вазир олий таълимдаги сўнгги янгиликлардан институт жамоасини қисқача хабардор қилиб, асосан улардан кўпроқ таклиф ва эътирозлар эшитишга келганини маълум қилди.

 

 

“Олий таълим соҳасида ёлғон маълумотни эшитиб хотиржам бўлгандан кўра, ҳақиқатни билиб ҳаловатни йўқотганимиз афзал. Шунинг учун нима дардингиз бўлса бугун айтинг, эртага фарзандларимиз илмда тенги йўқ мутахассис бўлиб етишиши учун ислоҳотларни бугун қилишимиз керак. Оқ доғлардан хабардор бўлиш тизимга фойда келтиради” деди – вазир.

 

 

 

Мулоқотда олий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш билан боғлиқ ўнлаб таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Ўқишни тамомлаётган талаба диплом билан бирга сертификатларга ҳам эга бўлиши кераклиги, магистратурага қабулда ихтисосликларга эътибор қаратиш зарурлиги, жамоанинг олтин фондига айланган ўқитувчилар жамоасини қўшимча рағбатлантириш эвазига уларни сақлаб қолиш, ёши улуғларининг эса ҳурматини жойига қўйиш, устамалар белгилашда адолатни таъминлаш ва мезонларни қайта кўриб чиқиш, дарсликлар яратишдаги тушунмовчиликларни бартараф этиш, тизимдаги имтиёзларни инвентаризация қилиш, кафедралар моддий техника базасини яхшилаш кабилар шулар жумласидан.

 

 

Вазир профессор-ўқитувчилар билдирган ҳар бир таклифни ён дафтарчасига ёзиб олар экан

“бугун мени қийнаб келаётган муаммолар сизларнинг ҳам муаммоингиз, дардингиз эканидан кўнглим таскин топди. Демак, бу масалаларни сизлар билан бамаслаҳат ҳал этамиз. Бу жараёнда вазирлик кузатувчи эмас, сизга кўмакчи бўлади” – деди.

Шундан сўнг, институтдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишилди. Вазирга инкубация ва акселерация марказида талабаларни бўш иш ўринлари билан таъминлайдиган Studentup.uz лойиҳаси, ёшларни замонавий касбга йўналтирувчи онлайн платформалар, олис ҳудудларга илғор билимларни етказувчи лойиҳалар ҳақида ахборот берилди.

 

 

 

 

 

 

Тушлик вақтида эса, Олий ва ўрта махсус таълим вазири талабалар ошхонасида ўқувчи ёшлар даврасида бўлди.

 

 

 

19:16 / 2022-05-25
Success helper
Success warning