Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт одимлари
Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиёт одимлари

 Мамлакатимиз Президентининг мурожаати нафақат парламентга балки жамиятимизнинг барча қатламларига мансуб бўлган фуқороларга нисбатан мурожаат сифатида қабул этиб, ундаги барча соҳаларга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва самарали бажариш жамиятимиз аъзоларидан бир бутун бўлиб ҳаракат қилишни тақозо қилади. 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши Ўзбекистонни ривожланиш тарихидаги илк инқилобий даврни бошланиши деб ҳисобласак айни муддао бўлади. Президентимизнинг нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билим савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак бўлиб, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади деб донишмандларча айтган сўзлари муқаддас китобимиз Қуръоннинг илк оятида хам “Ўқинг”, “Ўқинг” деб илму маърифатга алоҳида урғу берилганлиги ва “Илм”сўзининг 900 га яқин ўринда турли маъноларда келганлиги бу даватнинг муҳимлигини анлатади. Шунинг учун Президентимиз ўз мурожаатида бекорга “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” деб уқтириб ўтмади.

 

 Ҳозирда тараққий этган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун аввало илғор замонавий ахборот-коммуникация, интернет ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги билимларни чуқур эгаллаш орқали юксалишнинг энг қисқа йўлидан боришимиз керак. Бунинг учун жамиятимизнинг барча қатламларида инновацион технологияларни қўллаш борасидаги саводҳонликни узлуксиз равишда ошириб боришимиз зарур. Илму маърифатнинг натижадорлик кўрсаткичларига бевосита таъсир қилувчи кўп сонли технологиялардан асосийси рақамли иктисодиёт технологиялари ҳисобланади. Ҳозирги кунда уни қисқача рақамли иқтисодиёт деб аталмоқда. Лекин аввал “Рақамли иқтисодиёт ўзи нима?”, “Анъанавий иқтисодиётдан фарқи нимада?”, “Қандай белгилари ҳамда қулайликлари бор?”, “Уни ривожлантириш бизга нима беради?” деган саволларга жавоб топиш керак бўлади.

 

 1995 йилда Массачусет университетининг информатика соҳасидаги олими Николас Негропонте “Рақамли иқтисодиёт” атамасини амалиётга киритиб, уни атомлар ҳаракатидан битлар ҳаракатига ўтиш метафораси шаклида ифодалади.

 

 Айни пайтда ушбу атамани бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар, журналистлар, бизнесменлар ўз фаолиятларида қўллаб келмоқдалар. 2016 йилда Бутунжаҳон банки дунё буйича рақамли иқтисодиёт ҳолати ҳақидаги ҳисоботни жаҳон оммасига тақдим этиб, “Рақамли дивидендлар” номидаги маърузаси билан чиқиш қилди. Аслини олганда “Рақамли иқтисодиёт”га асосий пойдеворни математика фанига “0” рақамини киргизган улуғ Ал-Хоразмий бобомиз асос солиб, айни пайтдаги мавжуд замонавий компьютерлар, ахборот-коммуникация ҳамда юқори технологияларнинг бобоколони деб ҳисоблашимиз керак. Рақамли иқтисодиёт атамасининг илмий адабиётларда шу кунгача 10 дан ортиқ талқини бўлган ҳолда, ҳозиргача фанда яхлит бир атама сифатида қайд этилмаган. Ушбу талқинларнинг асосийлари қуйидагилар хисобланади: Рақамли иктисодиёт бу-

-реал борлиқни тўлдирувчи виртуал муҳит;

-рақамли технологияларга асосланган иқтисодий ишлаб чиқариш;

-интернет технологияларига асосланган иқтисодиёт;

-янги иқтисодиёт;

-веб-иқтисодиёт;

-ахборотларни қайта ишлаш, сақлаш узатиш борасидаги янги усуллар генерациясига ҳамда рақамли компьютер технологияларига асосланган иқтисодиёт;

-нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас, бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделларини яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.

 

 Юқоридаги барча атамаларни инобатга олиб, синтез қилган ҳолда бу иқтисодиётга қуйидагича таъриф беришимиз мумкин:

 Рақамли иқтисодиёт - бу сиёсий-иқтисодий, илмий-ижтимоий, маданий ва маърифий муносабатлардаги алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш ёрдамида амалга оширувчи янги тизим ҳисобланади.

 Рақамли иқтисодиётнинг асосий белгилари юқори даражада автоматлаштирилганлик, электрон ҳужжат алмашинувини сифатли амалга оширишнинг мавжудлиги, бухгалтерлик, аудиторлик ва бошқарув тизимларининг ўзаро электрон интеграциялашуви, маълумотларнинг электрон базалари, CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги, турли хилдаги корпоратив тармоқлардан иборат.  

 Унинг қулайликларига турли тўловлар учун харажатларнинг қисқариши (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади), товарлар ва хизматлар ҳақида жуда кўп оператив маълумотларга эга бўлган холда, уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятларининг кенгайишини киритишимиз мумкин.

 

 Рақамли иқтисодиётнинг анъанавий иқтисодиётдан фарқи нимадалигига изоҳ берайлик. Масалан, харидорга қандайдир маҳсулот ёки хизмат тури керак. Уни бозорга тушиб ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисод. Интернет тармоғидаги бирор - бир электрон савдо майдончасидан ёки телеграммдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олишга – рақамли иқтисодиёт дейилади. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Масалан, ойликларимиз пластик карталарга тушади, электрон тўловлар ёрдамида коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси ҳамда ҳисоботини топширамиз, картадан - картага пул ўтказамиз, уйимизга ёки ишхонамизга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо. Кейинги йилларда интернетга кириш ва ундан фойдаланиш бўйича шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги тафовут йўқолиб бормоқда. Мобиль интернет тобора ривожланмоқда.

 

 Рақамли технологияларга асосланган платформаларнинг ривожланиш борасида хорижий тажриба сифатида “Алибаба” электрон савдо тизимига эга бўлган Хитой компаниясини келтириб ўтиш мумкин. Ундан фойдаланиш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, маълумотлар тўплаш жараёнида иқтисодиётнинг турли секторларига экспансия учун ўта рақобатли устунликлар яратилади. “Алибаба” бу – оддийгина рақамли платформа эмас, балки платформалар экотизимидан иборат бўлган замонавий бошқарув тизимидир. Бундан ташқари бутун дунёдаги китоб савдосига ва кутубхоналарга хизмат қилувчи “Амазон” рақамли порталини, 1000 дан ортиқ турдаги масофавий таълимни қўллаб-кувватловчи оммавий онлайн очиқ курсларини, миллиондан ортиқ муаллифлик курсларини мисол келтирсак бўлади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш келажакда бизга нима беради?

 

 Рақамли иқтисодиёт инсонларнинг турмуш даражасини бир неча баробар ошириб, мамлакат миллий хавфсизлиги ҳамда мустақиллигини таъминловчи асосий индикатор кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш орқали коррупция ва “Қора яширин иқтисодиёт” илдизига болта уради. Чунки, рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди. Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди, чунки тизимни алдаш имконсиз. Натижада, маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, ошириб ё яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса иқтисодиётга легал маблағлар келиши оқимини оширади, солиқлар ўз вақтида ва тўғри тўланади, бюджет тақсимоти очиқ бўлади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ўғирланмайди, мактаблар, касалхоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ етиб боради ва ҳоказо. “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир. Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор” деган Президентимизнинг сўзлари бунгга яққол мисол бўла олади.

 

 Бугунги кунда Республикамизда рақамли иқтисодиёт ахволи қай даражада? Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда истеьмолчилар озиқ-овқат маҳсулотларига буюртма бериш учун рақамли технологиялардан фаол фойдаланмоқдалар. Шунингдек, турли интернет дўконлар, электрон тўлов тизимлари ҳам фаол ривожланиб бормоқда. Тадбиркорларимиз электрон битимларни рақамли технологиялар ёрдамида амалга оширмоқдалар. Аммо ҳозирги кунгача фойдаланувчилар катта харажатлар талаб қилмайдиган кичик битимларни амалга оширмоқдалар, харид ва сотувлар ҳажмини оширишга эса унчалик тайёр эмаслар. Эндиги масала ўрта ва йирик иқтисодий битимлар ҳамда молиявий операцияларни рақамли технологиялар орқали амалга оширишни ривожлантиришдан иборат бўлади. Рақамли иқтисодиётнинг монетар сиёсат борасида ўз валютаси (криптовалюта, биткоин), пул сақлайдиган кармони (блокчейн), ҳисоблаш усуллари (майнинг) каби атамалари мавжуд бўлиб, булар устида батафсил тўхталиш алоҳида мавзу ҳисобланади. Мурожаатда Президентимиз юқоридаги атамалар устида ҳам алоҳида тўхталиб: “Афсуски, банк тизими рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотлар бўйича замон талабларидан 10-15 йил орқада қолмоқда. Банкларга ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали уларнинг дастурий таъминотини тубдан янгилаш лозим. Шу йил 1 июлга қадар “Кредит тарихи” ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш зарур”лигини уқтириб ўтди. Рақамли технологияларни иқтисодиётга тўла жорий қилиш натижасида корхонолардаги меҳнат унумдорлигини 40% га ўсиши жаҳон экспертлари томонидан ижобий равишда баҳоланмоқда.

 

 Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли уяли алоқа, кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкони билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий этиш, шунингдек “Ақлли” ва “Хавфсиз” шаҳар ва қишлоқлар ҳамда минтақаларни ташкил этиш, рақамли иқтисодиётни давлат-хусусий шериклик тизимига инновацион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида йўналтириш, замонавий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, “Интеллектуал ҳукумат” тамойиллари асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш чора-тадбирларини оғишмай амалга ошириш бугунги кунимизнинг асосий ва шу билан бирга долзарб вазифалардан саналади.  

 

 Рақамли иқтисоднинг замонавий турларидан яна бири бу нейрон технологияларидир. Бу технологиялар ёрдамида алгоритмлаш орқали нафақат инсон мияси бажарадиган ишларни амалга оширувчи интеллектуал тизимлар яратилади, балки келажакда инсон ақлий фаолият потенциалини ривожлантиришга хизмат қиладиган механизмлар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида инсоннинг когнитив фаолиятига ижобий таъсир қилиб, уни меҳнат қобилиятини оширади ҳамда турли хилдаги стресс ҳолатларини олдини олишга хизмат қилади. Тиббиётда рақамли технологияларнинг қўлланилиши натижасида буюк кашфиётлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда генларни таҳрирловчи халқаро CRISPR/Cas, номли рақамли тизим мавжуд бўлиб, у ўсимликлар ва ҳайвонлар ген инженериясида муваффақиятли қўлланилиб келинмоқда. Тизим ёрдамида қишлоқ хўжалиги экинларининг янги турларини, ҳайвонлар ва балиқларнинг янги тур ҳамда наслларини яратиш ишлари иқтисодиётда юқори самара бермоқда. Бу технологиялар келажакда турли хилдаги вирусли онкологик ва наслдан-наслга ўтувчи кассалликларни даволашда қўл келади. “Микрочипдаги инсон аъзоси” рақамли технологиялар эса келажакда турли сабаблар билан ўз тана аъзоларидан жудо бўлганларга ёрдамчи сифатида улкан қувонч ҳиссини туғдирувчи технологик янгиликлардандир.

 

 2030 йилгача ахборот-коммуникация ва интернет технологияларига асосланган рақамли иқтисодиёт улушини мамлакат ялпи ички маҳсулот таркибида 10% га (ҳозирда 2%) кўтариш келажакдаги стратегик вазифаларимиздан биридир. Бунинг асосида ишлаб чиқилаётган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурида қўзда тутилган муаммоларни тезлик билан амалиётга татбиқ қилиш ечими ётади. Фикримизча яқин келажакда “Рақамли Ўзбекистон” тўғрисидаги Конуннинг қабул килиниши, рақамли иқтисодиётга фаол ўтишнинг келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимизни самарали бажарилишига тўлақонли хизмат қилиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилишга қонуний асос бўлади.

 

Тошкент молия институти “Электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт” кафедраси

профессор-ўқитувчилари А.Т.Кенжабаев, У.К.Якубов.

 

Success helper
Success warning