Стипендия танлови юзасидан масъуллардан маслахат

Стипендия танлови юзасидан масъуллардан маслахат

    2021 йилнинг 13 апрель санасида 2021-2022 ўқув йили учун нуфузли хорижий давлатларда ўқиш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эълон қилинган стипендиялар танлови бўйича институтнинг Илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими ва Халқаро ҳамкорлик бўлими ҳодимлари иштирокида тадбир бўлиб ўтди.

 

   АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франсия, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олиш имкониятини берувчи ушбу стипендия танловига ҳужжатлар 1 майга қадар онлайн режимда қабул қилинади.

 

БУ ҲАҚДА ЖАМҒАРМА АХБОРОТ ХИЗМАТИДАН БАТАФСИЛ

 

Мамлакатнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришни мақсад қилган креатив фикрлайдиган ёшлар, истеъдодли профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, педагоглар ва мутахассислар диққатига!

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида юртимизда 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб эълон қилинди.   

 

Мурожаатномада Президентимиз томонидан иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали илк бор бакалавр дастурига стипендиялар ажратилиши, шунингдек, магистратура ва докторантура дастурлари орқали энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилди.

 

Шу боис, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT  ва рақамлаш-тириш, сунъий интеллект соҳаларида атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа йўналишларида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология ва бошқа соҳаларда электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқларида машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш йўналишларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик каби аграр соҳанинг муҳим тармоқларида, шунингдек республикамиздаги бошқа устувор соҳалар ва мутахассисликлар кесимида 350 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловларини эълон қилади!

 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021-2022 ўқув йили учун энг нуфузли хорижий давлатларда:

бакалавриат таълим дастури учун 100 нафар,

магистратура таълим дастури учун 150 нафар,

докторантура таълим дастури учун 100 нафар стипендиялар ажратишини маълум қилади.

 

Агар сиз юқори интеллектуал салоҳиятга эга, замонавий ва креатив фикрлайдиган, мамлакат илм-фанига инновацион ғоялар ва технологиялар олиб кириш ҳамда уни рақамли асосда қайта шакллантириш асносида ривожлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган бўлсангиз – бу имконият айнан сиз учун!

 

Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 1 апрелдан – 1 майга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади.

 

Саралаш босқичлари 2021 йил 1 майдан – 20 майга қадар давом этади.

 

Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.

 

АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Канада, Япония, Испания, Жанубий Корея ва бошқа ривожланган мамлакатларнинг энг нуфузли таълим ва тадқиқот, инновация ва амалиёт масканларида таълим олиш имкониятини қўлдан бой берманг!!! 

 

“Эл-юрт умиди” жамғармаси юртимизнинг умиди, ишончи ва таянчи бўлган сиз ёшларни кутиб қолади!!!

 

14:46 / 2021-04-13
Success helper
Success warning