“Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнида маънавий-маърифий ишларнинг ўрни”
Тошкент молия институтининг 1-Маърузалар залида “Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнида маънавий-маърифий ишларнинг ўрни” мавзусида 2019 йил 27 май куни Республика миқёсида илмий-амалий анжуман ўтказилди. Тадбирда институт ректори Улуғбек Ўктамович Азизов, Президент администрацияси бўлим бошлиғи т.ф.д., профессор Абдухалил Абдулхаевич Маврулов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари қўмита раиси, т.ф.д., профессор Абдуғаффор Каримжонович Қирғизбоев, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, “Халқаро пресс-клуб” раҳбари Шерзод Қудратхўжаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети Тошкент филиали “Гуманитар ва математика фанлар” кафедраси мудири, ф.ф.д., профессор Назар Ҳакимович Ҳакимов, Ўзбекистон Миллий Университети профессори, Музаффар Ортиқов, профессор-ўқитувчилар ҳамда 60 нафар талаба-ёшлар иштирок этишди. Тадбирни Тошкент молия институти ректори Улуғбек Ўктамович Азизов кириш сўзи билан очиб берди ва қуйидаги фикрларни билдирди.
Мамлакатимизда ёш авлод тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши бу соҳанинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Мухтарам юртбошимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар буларнинг яққол ифодасидир. Жамият тараққиётида, юрт, миллат тақдирида ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги, интеллектуал салоҳияти муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, “Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустахкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишига интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир”
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг баркамол бўлиб вояга етиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасида бир қанча муҳим хужжатлар қабул қилинди, амалий ишлар йўлга қўйилди, муайян натижаларга эришилди. Шундай бўлса ҳам, бу борада бажариладиган ишлар ҳамиша кенг кўламли бўлиб, ўз долзарблигини сақлаб қолаверади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2019 йил 19 март куни ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ушбу йиғилишда мамлакатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурдилар.
Биринчи ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Иккинчи ташаббус ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга йўналтирилган.
Учинчи ташаббус аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.
Тўртинчи ташаббус ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.
Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалаларини назарда тутади.
Илмий-амалий конференцияда қўйидаги масалалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар берилди.
Ўзбекистон тараққиётида Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга татбиқ этишнинг устувор йўналишлари.
Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий-маърифий соҳаларни тубдан ислоҳ қилиш муаммолари.
Баркамол авлодни тарбиялашда китобхонлик кўникмасини шакллантириш воситалари.
Глобаллашув жараёнида “Мафкуравий иммунитет”ни шакллантиришда диний бағрикенглик, миллий ва маънавий қадриятларнинг ўрни.
Президентимиз шу йилнинг 24 майида талабалар шаҳарчасига ташрифи давомида зиёлилар билан учрашувида:“Бизга сон эмас, сифат керак. Бунга эришиш учун эса хориж тажирбасини яхшилаб ўрганиш зарур. Қайси давлат кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратса, ўша ютади. Илмий асосланган тажирба асосида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш энг муҳим вазифамиздир”-деб таъкидладилар.
Шу билан биргаликда асосий масалани инновацияга қаратиб “Такрор ва такрор таъкидлаш жоиз: янги фикр ва янги ғояга, инновацияга таянган давлат ҳар доим ютади ва ривожланади”-деб таъкидлаб ўтдилар.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёнида маънавий-маърифий ишларнинг ўрни, аҳамияти ҳамда жамиятимиз олдида турган муаммоларни ҳал этиш борада бир қатор вазифаларга эътибор қаратилди.
Анжуман давомида иштирокчилар томонидан ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқариш, жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар берилди.