2019 йил 17 июль куни Тошкент молия институтининг 1 ва 2 маърузалар залида институт академик лицейига ўқишга кириш учун ҳужжат топширган номзодлар учун тест синовлари бўлиб ўтди.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 9 июлдаги 12-2018-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2019 йил 9 июлдаги 7-мҳ-сон қарорлари билан тасдиқланган ва Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 17 июлда рўйхатга олинган “Академик лицейларда саралаш имтиҳонларини ўтказиш, расмийлаштириш ва натижаларини эълон қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”га мувофиқ юқори савияда, адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилди.
Бу йил таълим муассасасига ўқишга кириш учун умумтаълим мактабларнинг 9-синф битирувчиларидан жами 295 нафар ҳужжат келиб тушди. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2019 йил 4 июлдаги 1-сон баёни билан институт қошидаги академик лицейга қабул қилиш режа кўрсаткичи 156 нафар этиб белгиланди. Ўқувчиларнинг 104 нафари “Аниқ фанлар”, 52 нафари “Хорижий филология” йўналишларига қабул қилинади.
Тест синовларининг шаффоф бўлиши учун барча шароитлар яратилди. Тест синовлари институтнинг 220 нафар ўқувчи сиғимига эга 1-маърузалар ва 240 нафар ўқувчи сиғимига эга 2-маърузалар залида бўлиб ўтди. Ўқувчиларнинг ота-оналари тест жараёнини онлайн режимда кузатиш имкониятига эга бўлдилар.