«Ҳақиқат мендан устун» ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди

«Ҳақиқат мендан устун» ҳужжатли фильми премьераси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Пойтахтимиздаги муҳташам Адиблар хиёбонида Кинематография агентлигининг «Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси» ДУК ҳамда Тошкент молия институти билан ҳамкорликда суратга олинган «Буюк хизматлари учун» ордени соҳиби, таниқли адиб Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ва ижоди ҳақидаги «Ҳақиқат мендан устун» ҳужжатли фильми кенг оммага намойиш этилди.

 

Премьерадан аввал  адиб ҳайкали пойида тадбир ташкил этилди. Тошкент молия институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида маърузалар тингланди. Адабиётшунос олимлар Абдулла Қаҳҳорнинг бой маънавий меросига тўхталар экан, унинг сўз юкини ҳис қилган, бадиий адабиётни яхши тушунганлигини алоҳида эътироф этишди.


– XX аср ўзбек насрининг етук вакили Абдулла Қаҳҳор ҳаёт йўли бир мунча оғир ва чигал даврда кечган, – На тизимга бўйсуниб бўларди, на тузумга. Шундай оғир даврларда ҳам у адабиётга, сўзга содиқ қолди. Такрорланмас, бетакрор асарлар ёзди. Ҳақиқатни қоғозга туширди, ёлғон-яшириқлардан ўзини узоқ тутди. Ҳужжатли фильм ҳам «Ҳақиқат мендан устун», деб бекорга номланмади. Абдулла Қаҳҳор яшаган даврларда адабиётга содиқ қолиш, мақсади йўлида собит туриш мушкул эди. Аммо адиб буни уддалади ва таваллудига 114 йил бўлсада ҳамон эсланади, асарлари севиб ўқилади.


«Ҳақиқат мендан устун» фильми  съёмка жараёнлари адиб туғилган хонадон, уй-музейи, кутубхона, Адиблар хиёбони ва бошқа объектларда бўлиб ўтган. Картина архив кадрлар ва интервьюлар билан янада бойиган. Адибнинг асарлари ёзилиш тарихи, муҳим воқеликлар, характеридаги алоҳидалик сценарий муаллифининг эътиборидан четда қолмаган. Картинада адибнинг ўйга чўмган, ижод оғушида маст бўлган ҳолатлари тасвирида у ҳақидаги бор маълумот томошабинга етказишга уринилган.


Премьера сўнгида сўзга чиққан ижодкорлар буюк адибимиз ҳақида картина яратилишида катта ёрдамини кўрсатган, ҳар жабҳада қўлла-қувватлаган Тошкент молия институти раҳбариятига ўзларининг самимий миннатдорчилигини билдиришди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ТМИ матбоут хизмати

14:52 / 2021-09-18
Success helper
Success warning