“Банк иши” факультети Хотин-қизлар кенгаши томонидан талаба-қизлар учун “Кийиниш маданиятининг хотин-қизлар аҳлоқий тарбиясидаги аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Яхши кийиниш ўзига хос санъат. Киши бу санъатни эгаллаши учун кийиниш талабларига риоя қилибгина қолмай, балки ўз эстетик дидини қам узлуксиз тарбиялаши керак. Дидни тарбиялаш учун қонунлар меъёри ва ўзаро мос тушунчаларга асосланган санъатнинг барчаси билан танишиб бориш лозим. Кийимларда инсон таълим тарбияси акс этган. Инсоннинг дид фаросати кийим-бошда, хаётий харакатларда, ўзини тута билишида кўзга ташланади. Дидли-фаросатли киши ҳамиша шу қиёфани сақлаб қолади. Ташқи қиёфага эътибор бериш, ички маънавий гўзалликнинг ифодаси ҳисобланади. “Банк иши” факультетининг Хотин-қизлар кенгаши раиси З.Худайберганова томонидан факультетнинг барча талаба-қизлари қамровида “Кийиниш маданиятининг хотин-қизлар аҳлоқий тарбиясидаги аҳамияти” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Мазкур давра суҳбатини кириш сўзи билан очиб берган институт Хотин-қизлар кенгаши раиси Б.Нурмуҳамедова ўз сўзида “Аслида, ким қандай кийиниши ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу - гўзал хулқ, ўзбекона одобу ва андишага нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан халқимизда “Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши – кийимдур”, мазмунидаги ҳикмат бежиз эмас. Инсон кийим танлаш борасида миллий-диний қадриятлари чегарасида тургани яхши. Кийиниш маданияти инсоннинг диди қандай эканини кўрсатади”,-дея таъкидлаган бўлса, иқтисод фанлари доктори, профессор, “Олий таълим аълочиси”, “Меҳнат шуҳрати” кўкрак нишони соҳибаси Ш.Абдуллаева факультет қизлари билан бўлган очиқ мулоқотда кун тартибидаги мавзу юзасидан шундай таъкидлади: -Инсон кийиб юрган либоси билан ўзининг ким экани, тарбияси, ўзининг таъби, диди, табиати-зийнати ҳамда бошқа кўз илғамас жиҳатларига ишора қилишни уқтиради. Ваҳоланки, ҳозир кишилар тасаввур қилаётганларидек, зинҳор қимматбаҳо, дабдабали, ҳашаматли, ялтир-юлтир ва ҳоказо кийингани инсоннинг ақлли, фаросатли эканини ёҳуд ҳаддан зиёд рўдапо либосларга буркангани унинг диндор эканлигини билдирмайди. Инсонга унинг жозибали кийимига қараб баҳо берадиганлар маънавий қолоқ, ақли шошиб қолган кишилардир. Институт психологи У.Абдулазизова кийиниш маданиятининг ижтимоий жиҳатларига психологик нуқтаи-назардан ёндашди. Давра суҳбати иштирокчиларидан бўлган институт “Қизларжон” клуби раҳбари, “Иқтисодиёт” факультети Хотин-қизлар кенгаши раиси Д.Худайбердиева эса мавзунинг илмий-иқтисодий жиҳатларига эътибор қаратди. Суҳбат сўнгида талаба-қизлар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклиф мулоҳазалари билан устоз-мураббийларга, тадбир ташкилотчиларига мурожаат қилиб, тегишли жавобларни олдилар.
|