Тошкент молия институти илмий тадқиқотлар, техник лойиҳалар, дастурлар ҳамда уларнинг фаолият натижалари бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Маълумки, Олий таълим муассасаларини ТОП-1000 талик рўйхатга киритиш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади, шунинг учун барча олий таълим муассасалари, хусусан, Тошкент молия институти ўз мақомини глобал даражага олиб чиқиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунда, албатта, институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаолиятни янада ривожлантириш, халқаро эътироф этилган илмий журналларда мақолалар чоп этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Тошкент молия институти вакиллари ҳамда «INTERNATIONАL DEVELOPMENT SERVICES» компанияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда ТМИ ректори Т.Тешабаев, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор C. Меҳмонов, “INTERNATIONАL DEVELOPMENT SERVICES” директори О.Ботиров ҳамда Д.Алланазарова иштирок этишди.
Учрашувда илмий тадқиқотлар, илмий ва илмий-техник лойиҳалар ва дастурлар ҳамда уларнинг фаолият натижалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Институт олимлари ва илмий изланувчиларининг илмий тадқиқотлари натижаларини, илмий мақолаларни оммалаштириш, халқаро тан олинган илмий-техник базалар билан ишлаш, профессор-ўқитувчиларнинг нашр фаоллигини ошириш, институтнинг илмий электрон журналини “Scopus” маълумотлари базаларида индексланишини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳамда илм-фанни янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
ТМИ матбуот хизмати