“Давлат солиқ сиёсатининг трансформацияси имкониятлари ва самарадорлигининг истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди
Рақамли иқтисодиётнинг элементлари тизимли равишда кириб бораётган иқтисодиёт тармоқларида солиқ идоралари трансформацияси жараёнларини жадаллаштириш, тизимни тадбиркорлик субъектларига кўмак берадиган соҳага айлантириш, тўлиқ рақамлаштириш орқали ишбилармонларга кўмак бериш имкониятларини ошириш, солиқ муносабатларида инсон омили иштирокини чеклаш, “Солиқчи кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига зарур ёрдамлар кўрсатиш объектив зарурат эканлигини даврни ўзи тақозо этмоқда.
Мамлакатимиз солиқ сиёсати трансформацияси жараёнларини жадаллаштириш мақсадида жорий йилнинг 26 апрель куни Тошкент молия институтида “Солиқлар ва солиққа тортиш” кафедраси ташаббуси билан “Давлат солиқ сиёсатининг трансформацияси имкониятлари ва самарадорлигининг истиқболлари” мавзусида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуман натижавийлиги билан аҳамиятли бўлди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, Россия Федерацияси ҳукумати ҳузуридаги Молия университети, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Монаш Университети (Малайзия), Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари, амалиётчи мутахассислар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманда давлат солиқ сиёсати трансформацияси имкониятлари ва самарадорлигининг истиқболларига таъсир қилувчи омиллар, солиқ қонунчилигининг бугунги ҳолати, солиққа тортиш тизимини янада такомиллаштириш орқали хўжалик юритувчи субъектлари иқтисодий салоҳиятини ошириш каби муаммоларнинг илмий-амалий ечимлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Анжуман якунида долзарб мавзуда ўз мақола ва тезислари билан иштирок этган анжуман иштирокчилари сертификат билан тақдирландилар.