Халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 12 апрель куни Тошкент молия институтида “Аудит” кафедраси ташаббуси билан “Рақамли иқтисодиёт шароитида бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудитни ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон бухгалтер ва аудиторлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Аудиторлар палатаси вакиллари, Шимолий-шарқий Иллинойс университети, Европа амалий фанлар ва менежмент институти, Полоцк давлат университети, Тожикистон давлат ҳуқуқ, бизнес ва сиёсат университети ҳамда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилари ва амалиётчи мутахассислар иштирок этди.
Халқаро илмий-амалий анжуманда мамлакатимизда бухгалтерия ҳисоби, таҳлил ва аудит соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалиётда мавжуд муаммолар ва уларнинг илмий асосланган таклиф этилган ечимлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби, аудит касбига ёш мутахассисларни жалб қилиш, доимий малакасини ошириб бориш ва меҳнат бозорига рақобатбардош кадрларни етказиб беришда илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда молиявий ҳисобот ва аудитнинг халқаро стандартларини ҳамда мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини жорий этиш масалалари ҳақида ҳам анжумат иштирокчилари томонидан фикр алмашилди.
Анжуман якунида долзарб мавзуда ўз мақола ва тезислари билан иштирок этган профессор-ўқитувчилар, амалиётчи мутахассислар ва илмий тадқиқотчилар сертификат билан тақдирланди, шунингдек, анжуман иштирокчилари томонидан мазкур турдаги тадбирларни давомли ташкил этилиши таъкидлаб ўтилди.