Тошкент молия институтининг замонавий шарт-шароитларга эга янги ўқув биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Тошкент молия институтининг замонавий шарт-шароитларга эга янги ўқув биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошкулов, Юнусобод туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев, институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Институт ўз маблағлари ҳисобидан бунёд этилган 11,6 млрд. сўмлик 1 200 ўринли ушбу ўқув биноси олийгоҳнинг асосий ҳудудида жойлашган. 4 қаватли ушбу ўқув бино аудиториялари бугунги замон таълим жараёни ва тенденцияларига мос инновацион ахборот технологиялари билан, хусусан, смарт мониторлар, кўп функцияли 75 дюмдаги электрон панель, тезкор интернет, wi-fi қурилмалари билан жиҳозланган.
Бундан ташқари янги ўқув биносида ахборот-ресурс маркази ҳам ўрин олган бўлиб, АРМ замонавий, автоматлаштирилган RFID технологияси билан жиҳозланган. Ахборот ресурс марказида доимий равишда маълумот-ахборот хизматини кўрсатувчи махсус бўлим (ресептион), ортиқча навбатларни олдини олиш, фойдаланувчилар учун кутубхона хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида мустақил китоб олиш ва қайтариш қурилмалари, кутубхона фаолияти ва фондидаги адабиётлар ҳақида батафсил маълумот берувчи инфо-киоск, талабалар ва профессор-ўқитувчиларни махсус ID-карта орқали рўйхатга олиш учун мўлжалланган қурилма, адабиётларни фонддан бесабаб чиқиб кетиши (йўқолиши)ни олдини олиш учун мўлжалланган кўп функцияли ҳимоя тизими, адабиётларни инвентаризациядан ўтказиш учун махсус таёқча ҳамда адабиётларни электрон шаклга ўтказиш учун мўлжалланган махсус сканер қурилмаси каби техник воситалар билан жиҳозланган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Тошкент молия институти миллий рейтингда республика олий ўқув юртлари ўртасида ўтган йилги 5-ўриндан жорий йилда 2 поғона кўтарилиб 3-ўринни эгаллади. 2022 йил 27 апрелда THE Impact Rankings рейтингида дунёнинг Топ-1000+ университетлари қаторидан ўрин олган. Бугунги кунда, институтда жами - 15 274 нафар талаба: шундан кундузги таълим - 5 366 нафар, сиртқи таълим - 8 948 нафар, магистратурада - 372 нафар, қўшма факультетида 286 нафар таҳсил олишмоқда. Институтнинг асосий корпусида 6 та, Чимбой кўчасида 1 та ўқув биноси мавжуд бўлиб, умумий сиғим 6400 нафар. Ўқув жараёни 2 сменада олиб борилмоқда.