ОТАМДАН МEНГА МEРОС, БОЛАМДАН
ҚАРЗИМ БЎЛГАН ВАТАН.
Бу дунёда то тирик эканмиз барчаларимиз атрофимиздаги олам ҳар куни янгиланиб боришини ҳамда ҳар бир кун умр деб аталмиш дафтаримиздан янги саҳифа эканлигини англаймиз. Ушбу дафтар вароқлари кечга бориб ёпилиши сизу бизни чуқур мушоҳада этишга ва тафаккур қилишга ундайди, ортимиздан яхши из қолдиришга, ақалли инсоният учун азият етказувчи амалларни бажармасликка чорлайди.
Яратган томонидан жамийки инсоният учун ато этилган энг улуғ неъматлардан бири – бу табиатдир. Тириклик манбаи бўлган сувни, жамоат фойдаланувида бўлган умумий йўлларни, кишилар ҳордиқ олишлари мумкин бўлган соя салқин ерларни, умуман олганда набототни ифлослантириш одамгарчиликка тоғри келмайди. Билакс, улардан оқилона фойдаланиш, тежаб-тергап ишлатиш ва ҳеч қачон исрофга йўл қўймаслик асли инсонийликдан нишонадир.
Бизнинг Ислом динимиз қолаверса дунёдаги барча динлар кишиларни эзгуликка, бирдамликка ҳамда покликка чорлайди. Аждодларимиздан бизларгача келаётган анъанада сувга қараб супурмаслик, унга тупурмаслик ҳамда ҳовли ва кўчаларга аҳлат ташламаслик доимий тарғиб қилинган. Бугун эса бази кишилар хатти-ҳаракатларида табиатга нисбатан инсофсизлик ҳолати яққол намоён бўлмоқда. Минг афсуслар бўлсинки мамлакатимизнинг бази ҳудудларида ҳамда жаҳоннинг қалоқ давлатларида қанчадан-қанча инсонлар ичимлик суви, табиий газ ва электр токига муҳтож бўлиб турган бир пайтда, бошқа бир инсонлар ана шу неъматларни исрофига шунчаки кўз юммоқдалар. Инсон ҳаёти давомида жуда кўп синовларни бошдан ўтказади: йўқчилик, оғриқ, иссиқ ҳамда сувуққа чидайди, аммо инсофсизлик деб аталмиш иллатга чидай олмайди. Бугун табиатга нисбатан салбий муносабатда бўлаётган кишилар ҳам бизнинг назаримизда инсофсиз.
Ҳинд диёри, Африка қитъасининг кўплаб давлатлари, қолаверса дунёнинг турли-туман шаҳарларидаги ичимлик сувининг етишмовчилиги, ҳавонинг ифлосланиш даражасининг юқорилашуви оқибатида пайдо бўлаятган турли касаликклар бугун бизларни атрофга ибрат назари билан қарашга ва шукроналик неъматини қалбга тугиб, унга нисбатан яхши муносабатда бўлмоқликка ундайди. Бир нарсани ҳеч ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим: шаҳарлару қишлоқларимиз, кўчалар ва хонадонларимизнинг ободлиги аввало ўзимизга боғлиқ. Покликни авваламбор ўзидан, сўнг яқинлари ва улар қаторида оиласидан бошлаган шахс инсонийлик бурчини тўлалигича адо эта олган бўлади. Росулуллоҳ Соллоллоҳу алайҳи васаллам «Агар сиз бирор ёмонликни кўрсангиз қўлингиз билан қайтаринг, агар буни қилолмасангиз тилингиз билан қайтаринг. Буни ҳам қила олмасангиз қалбингиз ила норози бўлинг. Аммо қалб ила норози бўлиш иймонингиз заифлигидандир»[1] деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиснинг маъносини таҳлил қиладиган бўлсак ҳар бир комил инсон ёмонликка қарши доимий равишда кураш олиб бормоғи ва атрофида бўлаётган салбий ҳолатларга беэътибор бўлмасликка ундайди. Бу эса инсоният-бахти саодати учун ҳаракат демакдир. Ҳамиша азизу мукаррам зот бўлган инсонни эъзозлаш, унинг маънавий камолотига ва ҳаётий манфаатларига хизмат қилувчи табиатни, унга оид ҳар бир ўсимлик, қушлар, ҳайвонот олами, жамиийки тириклик оламини асрар эканмиз, улар келажак авлодларимизга бизлардан меърос ва уларнинг олдида бизнинг қарзимиз эканлигини тушуниб олмоғимиз шарт.
Барча қалби иймон нури билан мунаввар бўлган оқил инсон биладики Яратганнинг неъматлари жуда мўл. Агар ер юзидаги жамийки инсонлар ушбу инъомларнинг қадрига етсалар ҳамда унинг амалий ва қалб шукрини қилсалар албатта бу неъматлар зиёда қилиб берилур. Аммо бунинг акси бўладиган бўлса фалокатлар муқаррардир. Бу фалокатлар бугун бўлмаслиги мумкин, лекин келажак авлодлар бундан азият чекишлари эҳтимоли мавжуд.
Биз Ватан тақдири ва унинг келажагига бепарво халқ эмасмиз. Биз неъматларнинг қадрини у завол топганда ёки ёқотилганда ҳис этадиган миллат эмасмиз. Биз Она Ватан, унинг бир бўлаги бўлган табиат учун қўлимиздан келган барча яхшиликларни қилмоғимиз, ҳеч бўлмаганда унга зиён етказмоқликдан сақланмоғимиз даркор. Табиат, жамият, қолаверса бутун инсоният учун қилаётган ҳар қандай амалларимизни чин юракдан бажаришни одатга айлантирайлик, уни кимнингдир кўзи учун адо этмайлик. Агар Ватан учун, келажак авлод учун қилган эзгу амалларимиз жамият томонидан муносиб кўрилса «шон-шуҳрат» ни кейин бўлишиб олаверамиз.
«Баҳолаш иши ва инвестициялар» кафедраси ўқитувчиси
Муҳамедов Бахтинур Бахтиёр ўғли
[1] Islom.uz сайтидан