“Исломий қадриятлар ва маданият” мавзусида давра суҳбати
2019 йил 19 апрел куни институт “Молия” кафедраси томонидан 1-талабалар турар жойида “Исломий қадриятлар ва маданият” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Давра суҳбатида Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Абдулҳамид хожи” жомъе масжиди имом хатиби Жамолиддин Азимов, институт Муррабийлар кенгаши раиси У.Ражабов, Молия факультети декан ўринбосари О.Ҳамдамов, “Молия” кафедраси профессор-ўқитувчилари, 1-ТТЖ да истиқомат қиладиган талаба-ёшлар қатнашдилар.
Давра суҳбатида исломий қадриятлар имон, эътиқод, виждон, диёнат, маънавият каби ўлмас туйғулар самараси бўлиб, бу қадриятлар олий даражадаги одоб-ахлоқ, чуқур билим ва маърифат тақозоси эканлиги, исломий маданият тинчликсеварлик ва сулҳпарварлик, ҳақсеварлик ва инсонпарварлик, ватансеварлик ва халқпарварлик, билимсеварлик ва маърифатпарварлик, меҳнатсеварлик ва бунёдкорлик эканлиги ва бу тушунчалар бугунги кунда умуминсоний тушунчалар сифатида эътироф этилаётганлиги, исломий маданият эса жаҳон тамаддуни тараққиётига бемисл ҳисса қўшган анъаналар ҳосиласи эканлиги ва бошқа исломий қадриятлар тўғрисида маъруза ўқилди, гўзал ва латиф суҳбат қурилди, кўплаб саволларга жавоблар берилди.
“Молия” кафедраси аьзолари тадбирда фаол иштирок этган имом хатиб Жамолиддин Азимовга ўз миннатдорчилигини билдирди.