“Ўзбекистонда банк фаолиятини инновацион ривожлантириш ва банк операцияларида янги технологияларини қўллаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида 2019 йил 26 апрель куни республика миқёсидаги илмий-амалий конференция
Тошкент молия институти “Банкларда бухгалтерия ҳисоби ва аудит” кафедраси томонидан “Ўзбекистонда банк фаолиятини инновацион ривожлантириш ва банк операцияларида янги технологияларини қўллаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида 2019 йил 26 апрель куни республика миқёсидаги илмий-амалий конференция ўтказилди.
Конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 мартдаги ПҚ-3620-сон «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, 2017 йил 15 февралдаги ПҚ-2777-сон «Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3270-сон «Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 13 сентябрдаги ПҚ-3272-сон «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 февралдаги 133-Ф-сонли Фармойиши ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 28 февралдаги 205-сонли буйруғидан келиб чиққан ҳолда ўтказилди.
Конференцияда молия ва банк соҳасидаги халқаро экспертлар, Марказий банк, республика етакчи тижорат банклари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчилари ва ёш олимлари иштирок этдилар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўлов тизимлари ва ахборот технологиялари департамент директори Mаҳмудов Улуғбек Давронович, Урал давлат иқтисодиёт университети Молия ва ҳуқуқ институти директори, и.ф.д., проф. Марамыгин Максим Сергеевич, “Fido-Biznes” МЧЖ техник директори Шаюсупов Шахайдар Абдувалиевич, АТБ “Туронбанк” ходимлар билан ишлаш департаменти директори и.ф.н., доц. Саломов Ислом Тошқозоқович, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” чакана хизматларни ривожлантириш департаменти банк карталари техник таъминоти бошқармаси бошлиғи Эминов Улуғбек Абдумажитовичлар ўз маърузалари билан пленар йиғилишда чиқиш қилдилар.
Конференция натижалари бўйича Ўзбекистонда банк фаолиятини инновацион ривожлантириш ва банк операцияларида янги технологияларини қўллаш борасида замонавий тенденциялар ва илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.