“ИСЛОМ БАНК ИШИ” ЙЎНАЛИШИДА ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

“ИСЛОМ БАНК ИШИ” ЙЎНАЛИШИДА ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

     Тошкент молия институти “Банк иши” кафедраси мудири, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Омонов Акром Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасалари кафедра мудирлари хорижнинг нуфузли университетларида тажриба алмашиш ва малака ошириш зарурлиги ҳақидаги топшириғи доирасида 2019 йил 27 ноябрдан 28 декабргача Малайзиянинг Миллий Тенага университети (Universiti Tenaga Nasional (UNITEN))да “Ислом банк иши” бўйича малакасини оширди ва тажриба алмашди.

     2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент молия институтининг барча таълим йўналишидаги талабаларга бир семестр давомида “Ислом банк иши” фанидан маъруза ва амалий машғулотлар ўтиш йўлга қўйилди. Проф. А.Омонов айнан шу масалани амалий жиҳатдан ўрганиш ва тажриба ошириш ҳамда келгусида Малайзиянинг “Ислом банк иши” бўйича етук тадқиқот марказлари ва университетлари билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида мазкур хизмат сафарида бўлди.  

     Проф. А.Омонов ўзаро тасдиқланган жадвал-режа асосида UNITENнинг Муадзам Шох шаҳрида жойлашган “Бизнес ва бухгалтерия” коллежида “Ислом банк иши ва молияси”, “Молия тамойиллари”, “Бизнес иқтисодиёти” ва “Молиявий ва бошқарув ҳисоби” фанларидан амалий дарсларда иштирок этиб тегишли сертификатларни қўлга киритди. Шунингдек, Ислом банкида амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўлди.

     Шу билан бирга, проф. А.Омонов мазкур коллеж талабаларига “Ўзбекистон ижтимоий ҳаёти ва иқтисодиёти”, “Ўзбекистон Марказий банки монетар сиёсатини жорий этиш хусусиятлари”, “Ўзбекистонда Ислом банк иши ва молиясининг ривожланиши” мавзуларида маърузалар ўқиди, шу билан бирга соҳанинг назарий ва амалий жиҳатдан етук профессорлари билан ўзаро мулоқатда бўлиб ўзининг бу борадаги билим ва тажрибасини оширди.

     Проф. А.Омонов Малайзияга хизмат сафари давомида UNITENнинг ректори (Vice Chancellor) Дато, Проф., Др. Камол Нашаруддин, проректор (Deputy Vice Chancellor) Дато, Проф., Др. Салина Дауд, Халқаро алоқалар ва мобилизация Ассош., Проф., Др. Зурайдах Бт Али билан учрашиб келгусида ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича келишувларга эришди.

     Малайзияга хизмат сафари давомида А.Омонов Куала Лумпурда жойлашган Ислом банк иши ва молияси бўйича юқори нуфузга эга бўлган ISRA- International Shari’ah Research Academy For Islamic Finance, International Islamic University ҳамда University Technology MARA каби йирик тадқиқот маркази ва университетларининг ислом банк иши ва молияси бўйича масъул декан ва профессорлари билан давра суҳбатлари ўтказиб, таълимнинг қатор соҳалари бўйича ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларни амалга ошириб қайтди.

 

15:33 / 2019-12-31
Success helper
Success warning