КАФЕДРА ФИЛИАЛИДА НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ БЎЛИБ ЎТДИ

КАФЕДРА ФИЛИАЛИДА НАВБАТДАГИ АМАЛИЙ МАШҒУЛОТ БЎЛИБ ЎТДИ

 

 

“Суғурта ва пенсия иши” кафедраси томонидан таълим сифатини ошириш, суғурта соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда бу борада таълим ва амалиёт ўртасидаги интеграцияни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.


Маълумки, Тошкент молия институти ва “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича 2021 йилда имзоланган Меморандумга асосан 2022 йилда суғурта компаниясида “Суғурта ва пенсия иши” кафедрасининг филиали ўз фаолиятини йўлга қўйди.


2023 йил 25 март куни Солиқлар ва суғурта факультетининг “Суғурта иши” таълим йўналишида ўқийдиган 1-курс, СС-70/22 ва СС-20/22 гуруҳлари талабалари “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси доценти О.Юлдашев ҳамроҳлигида “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компаниясидаги кафедра филиалида ташкил этилган амалий машғулотда қатнашдилар.



Компаниянинг Юридик департамент бошлиғи Б.Юсупов талабаларга “Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари” мавзусида қизиқарли тақдимот намойиш этди. Тақдимот жараёнида Ўзбекистон Республикасининг суғурта соҳаси бўйича асосий қонунчилик ҳужжатлари таркиби ва мазмуни, Янги “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонундаги асосий ўзгаришлар атрофлича ёритиб берилди. Интерфаол ва савол-жавоб тарзида ўтказилган ушбу амалий машғулот талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди.


Сўнгги сўз ўрнида таъкидлаш керакки, “Суғурта ва пенсия иши” кафедраси 2023 йилда таълим сифатини ошириш ҳамда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш бўйича тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар доирасида бундан кейин ҳам таълим сифатини оширишга қаратилган тадбирларни юксак даражада ташкил этишда давом этади.

17:06 / 2023-03-25
Success helper
Success warning