Халқаро лойиҳалар тузиш ва иштирок этиш бўйича мастер-класс ўтказилди
“Менежмент ва маркетинг” кафедраси иш графигига кўра, 26 декабрь 2023 йил «Менежмент ва маркетинг» кафедраси катта ўқитувчиси Дилором Юлдашева томонидан халқаро лойиҳалар тузиш ва иштирок этиш бўйича мастер-класс ўтказилди.
Тадбир давомида ERASMUS + лойиҳасини ёзиш бўйича бир қатор керакли маълумотлар берилди. Шу ўринда, лойиҳани ёзиш тартиби, лойиҳани амалга оширишдаги моддий ёрдам ва лойиҳанинг институтимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида айтиб ўтилди. Кафедра аъзоларидан доцент О.Ғайбуллоэв томонидан лойиҳага бериладиган долзарб мавзу ва Европа Иттифоқини қизиқтириши мумкин бўлган масалалар савол тарзида берилди. Жавоб тариқасида Европанинг Марказий Осиёга, айниқса Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортгани ҳамда Яшил иқтисодиёт, таълим тизими ва гендер тенглиги каби мавзулар долзарблиги таъкидланди. Халқаро лойиҳалар катта ва қизиқарли мавзу бўлганлиги сабаб барчада қизиқиш уйғонди ва яна лойиҳанинг ёзилиш тартиби ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилиши таклифи берилди.