Тошкент молия институтида таниқли рассом Ортиқали Қозоқовнинг ижодий кўргазмаси ва маҳорат дарси ташкил қилинди

Тошкент молия институтида таниқли рассом Ортиқали Қозоқовнинг ижодий кўргазмаси ва маҳорат дарси ташкил қилинди

Жорий йилнинг 17 февраль куни Тошкент молия институтида талаба-ёшлар ва ходимларнинг ижодий салоҳиятини ошириш ҳамда креативлиликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Ортиқали Қозоқовнинг ижодий кўргазмаси ва маҳорат дарси ташкил қилинди.

 

 

 

 

Мазкур ижодий учрашувда институт ректори Т.Тешабаев, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, рассом, профессор О. Қозоқов, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

 

Учрашув аввалида эл ардоғидаги рассомнинг тарбиявий аҳамиятга эга бўлган йигирмадан ортиқ асарлари институт фойесига жойлаштирилиб, профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талаба-ёшлари учун бадиий кўргазма намойиш қилинди.

 

 

 

Шунингдек, рассом томонидан институтдаги барча санъатга қизиқувчи ёшлар учун учрашув ва маҳорат дарси ҳам ташкил этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар ижодкорнинг асарларида миллийлик ва умуминсоний қадриятлар уфуриб туришини, рассомнинг тафаккур маҳсули бўлган ҳар бир асаридан фалсафа учқунлари акс этишини, борлиққа инсоннинг соф ва самимий туйғуларидан жаранг сочишини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

 

 

 

 

 

О.Қозоқов ҳам ўз навбатида талаба-ёшлар билан дилдан суҳбатлашар экан, қай соҳада бўлмасин, албатта, ўз ишига ижодкорлик, яратувчанлик билан ёндашиш кераклигини, ўзининг теран ҳис туйғулари ва самимияти, креативлиги билан муваффақиятга эришиш йўлида одим илдамлаши мумкинлигини айтиб ўтди.

 

 

 

 

 

 

Самимий мулоқотда Ортиқали Қозоқов йиғилганларни ўз ижодий фаолияти билан яқиндан таништириб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Ушбу маҳорат дарси ва ижодий кўргазма талабаларда катта таассурот қолдирди. Маҳорат дарсида давомида ёш истеъдодли рассомлар томонидан турли мавзулардаги расмлар чизилди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Рассом Ортиқали Қозоқов томонидан чизилган расм институтга совға қилди.

17:52 / 2023-02-17
Success helper
Success warning