Ўзбекистон Республикаси Давлат герби
|
«Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонун 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Х сессиясида қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган. Гербнинг пастки қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида: Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангда; қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангда; ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий — яшил рангда; чаноқлардаги пахта — оқ рангда; лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда; саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда; ярим ой ва юлдузлар — оқ рангда тасвирланган.
|