Тошкент молия институти ва Урал давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликнинг янги қадами
2020 йил 6 июл куни, Тошкент молия институти ва Урал давлат иқтисодиёт университети раҳбарияти ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган онлайн учрашув ўтказилди.
Урал давлат иқтисодиёт университети делегацияси билан учрашув давомида ҳамкорлик юзасидан ўтган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, ҳамкорликнинг янги босқичи сифатида, профессор-ўқитувчиларини малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш ҳамда ўзаро академик алмашинувни амалга ошириш юзасидан келишув шартномаси имзоланди. Учрашувда Урал давлат иқтисодиёт университети ректори Яков Силин ўз нутқида "Олий ўқув юртлари ва мамлакатларимиз манфаатларини ривожлантиришда навбатдаги қадамни ташлаш вақти келди. Шу вақт мобайнида кўп меҳнат қилган барча ҳамкасбларингизга миннатдорчилик билдираман. Сизни Университетимизда кутиб қоламиз ва келаси йили Евроосиё иқтисодий форумида иштирок этишга ҳам таклиф этамиз. Сиз билан биргаликда монография яратдик, бир неча илмий мақолалар ёздик ва келгусида ҳамкорликни давом эттирамиз” таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида Тошкент молия институти ректори в.в.б. Султонали Мехмонов ўз сўзида "Ишончим комилки, келишув натижасида ҳамкорлигимиз доирасида илмий ҳамда таълим соҳасида тажриба алмашиш жараёнини янада юқори босқичга кўтарамиз. Бунда педагог-ходимларни малакасини ошириш, ҳамкорликда дарсликлар чоп этиш, қўшма дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш, ҳамкорликда халқаро илмий лойиҳаларда иштирок этиш, илмий анжуманлар ташкил этишга асосий эътибор қаратилиши”ни айтиб ўтди.
Шунингдек, икки олий таълим муассасалари ўртасида бакалавриат таълим йўналишлари учун 2+2 ёки 3+1 дастурлари, магистратура мутахассисликлари учун 1+1 дастурларини амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Учрашув давомида Урал давлат иқтисодиёт университетидан ижтимоий ишлар бўйича проректори Роман Краснов, қўшимча таълим ва профориентация ишлари бўйича проректори Елена Князева ва қўшимча таълим институти директори Элина Закировалар, шунингдек Тошкент молия институти ўқув ишлари бўйича проректор А.Туйчиев, Халқаро хамкорлик бўлими бошлиғи С.Авазходжаев ҳамда кафедра доценти Н.Касимовалар келишув доирасида амалга ошириладиган масалалар юзасидан ўз фикрларини баён қилишди.
Учрашув якунида ҳамкорлик келишуви доирасида йўл харитаси тузиш ва шу асосида ишларни ташкил этишга келишиб олинди.