Ўзбекистон Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами муносабати билан Тошкент молия институти ректорининг байрам табриги
Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам устозлар, институтимиз ходимлари!
Азиз талабалар-ёшлар!
Аввало, институтимиз профессор-ўқитувчиларини, ходимларини ва эртамиз ишончи бўлган талабаларимизни жонажон Ватанимиз – Ўзбекистонимиз мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан шахсан ўзим ва институт раҳбарияти номидан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Сир эмаски, ҳуррият бор жойда юксалиш, миллий қадриятларни улуғлаш, маънавий — мафкуравий тараққиёт, иқтисодий ўсиш бўлади. 1991 йил 31 августида жонажон Ватанимиз мустақилликка эришди. Албатта, бу ҳурриятнинг ортида не-не фидоий, жонкуяр ватандошларимизнинг меҳнатлари ётибди.
Ўтган йигирма тўққиз йил мобайнида Мамлакатимиз ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан катта марраларга эришди. Айниқса, сўнги йилларда Мамлакатимизнинг дунё ҳамжамияти олдидаги мавқейи ортиб бораётгани фикримизнинг далилидир!
Муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, бугун Республикамизнинг турли жабҳаларида ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Том маънода, Ўзбекистонда янги уйғониш — Учинчи Ренессанс даври бошланди. Сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётдаги ислоҳотлар ва янгиланишлар, тобора обод бўлиб бораётган шаҳар ва қишлоқлар, янги-янги замонавий корхоналар, ўқув масканлари, маданий-маиший иншоотлар, кўприк ва йўллар, бир сўз билан айтганда, иқтисодиётнинг тобора ўсиб, мустаҳкам бўлаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Хусусан, иқтисодиётнинг юксалишига, Тошкент молия институти етакчи профессор-ўқитувчиларидан таълим олиб, етук мутахассис бўлиб етишаётган ёшларнинг ҳам ҳиссаси беқиёс. Улар ўзларининг институтда олган билимларини ватанимиз равнақи йўлида ҳормай-толмай сафарбар қилмоқдалар.
Институтимизнинг олдига қўйган энг олий мақсадларидан бири Республикамизда иқтисодиёт ва молия-кредит соҳасида халқаро даражада рақобатбардош бўлган малакали кадрлар тайёрлаш ҳисобланади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўсағасида биз халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришга, чуқур интеграциялашган иқтисодий маконга, ягона коммуникация ва ахборот тизимига кириш учун шахдам қадам қўймоқдамиз. Босган қадамимиз қатъиятли ва ишончли бўлиши учун эса бизга ўз Ватанини севадиган, бугунги кун талаб ва таклифлари асносида ишлай оладиган замонавий ва рақобатбардош кадрлар зарур.
Институт ташкил этилган кундан бошлаб ўттиз йил давомида илмий-педагогик салоҳиятини оширишга доимо эътибор бериб келинаётганлигини алоҳида қайд этиш лозим. Агар 2000 йилда фан докторларининг сони 13 нафарни, фан номзодларининг сони 111 нафарни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига келиб фан докторлари сони 32 нафарга тенг бўлган ёки 2,5 баробарга кўпайган. 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига фан докторлари сони 39 нафарга етди. Шуниси аҳамиятлики, 2015 йилга қадар институтда 40 ёшга тўлмаган фан докторлари умуман мавжуд бўлмаган бўлса, 2020 йил якунига келиб уларнинг сони 8 нафарни, 2021 йил 1 сентябрь ҳолатига 11 нафарни ташкил этмоқда. 2017 йилдан бошлаб сўнгги 5 йил давомида институт илмий салоҳияти мунтазам ўсиш тенденциясига эга бўлган. Бундай барқарор ўсишнинг асосий сабаби, юқорида қайд этилганидек, институт ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий кенгашнинг ташкил этилганлиги бўлди. 2016 йилда институт бўйича бирорта докторлик диссертацияси ҳимоя қилинмаган бўлса, 2020 йилда жами 49 нафар профессор-ўқитувчилар, мустақил изланувчилар ва докторантлар тегишли илмий даража олиш учун диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар. Уларнинг 6 нафари фан доктори (DSc) ва 43 нафари фалсафа доктори (Phd) илмий даражаларига эга бўлди.
Бугунги кунда институтнинг кадрлар тайёрловчи кафедралари томонидан ўқув жараёнини кредит-модуль тизимига ўтказиш бўйича барча меъёрий-услубий ҳужжатлар (ДТС, Малака талаблари, ўқув режалар, фан дастурлари, силлабуслар) ишлаб чиқилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, институт профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилари томонидан амалга оширилган илмий-инновацион фаолият натижалари мустақиллигимизнинг ўттиз йиллигига муносиб натижа бўлади деган умиддаман.
Яна бир бор Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами билан сиз азизларни ва сиз орқали оила аъзоларингизни чин қалбимдан самимий табриклайман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Барчангизга байрам муборак бўлсин!
Тўлқин Тешабаев,
Тошкент молия институти ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.