20 АВГУСТ – ҲИЖРИЙ 1442 ЙИЛНИНГ БИРИНЧИ КУНИ
Жорий йиилнинг 20 август кунидан ҳижрий-қамарий 1442 йил бошланади. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойидир.
Биз ишлатадиган Григорян тақвимидан ташқари Мусулмон дунёсида ишлатиладиган ҳижрий тақвим ҳам машҳур. Бу йил ҳисоби ой ёки қуёшга асосланган қамарий ва шамсий тақвимларига бўлинади. Ҳижрий-қамарий йил ҳисоби - тарих (эра) бошини Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳижратларидан олинган (Ҳижрат – яъни, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Маккадан Мадинага кўчиб ўтган 622 йилда ташкил етилган.) ва ой (қамар) тақвимига асосланган йил ҳисобидир.
Ҳижрий йилимизни бошлаб берувчи Муҳаррам ойининг номи луғатда «ҳурматланувчи», «улуғланувчи» деган маъноларни англатади. Бу ой ҳижрий сананинг боши, урушлар ҳаром қилинган, ўнинчи куни – Ашуро куни бўлган муҳтарам ва улуғ ойдир. Ҳадисларда ушбу ойни “Аллоҳни ойи” эканлиги билан улуғланган. Ойлар орасида Рамазон ойидан кейинги энг барокатли ва фазилатли ой муборак Муҳаррам ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойдаги рўзани Рамазондан кейинги энг афзал рўза эканини таъкидлаганлар.
Динимизда уруш тақиқланган тўрт ой бор. Улар – Зулқаъда, Зилҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.
Муҳаррам ойининг энг афзал куни ўнинчи кунидир. Бу кунни динимизда “явму ашуро” ашуро куни деб юритилади. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунда рўза тутишга қизиқтирганлар. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар”. Ушбу ривоятдаги кенглик яратишдан мақсад емоқ, ичмоқ, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.
Аллоҳ таоло ҳижрий янги йилни ва Муҳаррам ойини барчамизга муборак қилсин! Ушбу ойда барчамизни Ўзи рози бўладиган хайрли ишларга муваффақ айласин! Янги йилни барчамизга бахтли-саодатли, яхшиликларга бой, файзу барокатли Қилсин.