Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари
Мавжуд ҳолат ва истиқбол нималарда намоён бўлади?
Ишлаб чиқариш субъектлари, ташкилотлар фаолияти самарадорлиги, умуман, қитисодиёт ривожида молявий ҳисоботларнинг ўз ига хос ўрни бор. Шу маънода, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 февралда “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекилиши ва унга биноан, 18 та банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқлангани юртимизда ушбу йўналишда ҳам жиддий ишлага қўл урилаётганидан далолат. Бу тўғри йўл. Бинобарин, биз халқаро доирага, жаҳон бозорига интилаётган эканмиз, фаолиятимиз ҳам халқаро стандартларга мос бўлиши лозим. Яъни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштириш орқали хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш ва халқаро молия бозорларига кириш имкониятлари кенгаяди. Ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизими такомиллаштирилади.
Умуман, бугунги кунда жамиятида жадал кечаётган ўзгариш ва такомиллашувлар бухгалтерия соҳасида ҳам ислоҳотларнинг янги босқичи бошланганлигини англатади. Яъни давр моҳиятан миллий қобиқда қолган, бугунги кун талаби нуқтаи-назаридан бирмунча биқиқ ҳисобчиликнинг анъанавий тизимидан босқичма-босқич воз кечишни талаб этмоқда.
Таклиф талабга мос эмасди
Анъанавий миллий ҳисобчилик тизимининг бугунги ҳолати хусусида фикр юритишдан олдин шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда бошқа давлатлардаги каби бизнес субъектларида ҳисоб хизматларининг аниқ тартиб-таомиллари шакллантирилган. Бу жараён Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августдаги “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинса, кейинчалик қабул қилинган бошқа ҳужжатлар орқали миллий ҳисобчилигимиз бирмунча такомиллаштирилди. Аммо ушбу ўзгаришларга қарамасдан бизнес субъектлари бошқаруви, бир томондан, фаолиятни ривожлантириш ва молиялаштиришда йиғилиб қолган муаомолларни ҳал этишдаги функционаллиги ўз қобиғидан нарига ўта олинмаганликлари билан изоҳланса, бошқа томондан эса сезиларли ҳаражатлар эвазиига аниқланган ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларига дахлдор маълумотлар базаси ташқи қизиқувчилар талабларига ҳам шаклан, ҳам мазмунан мос эмасди. Бу эса уларнинг эътиборидан чет қолишга омил асосий омил бўлиб келаётганди. Ваҳоланки, ҳар қандай бизнес аниқлик ва шаффолик таъминланган жойда равнақ топади.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ярим миллионга яқин корхона ва ташкилотларда ушбу хизмат тури йўлга қўйилиб, ҳисобдорлик юритиб келинмоқда. Бироқ бир хилдаги иқтисодиётнинг қонун-қоидалари асосида ишлаётган икки дунё (миллий ва халқаро) ҳисоб тизимини таққослашдаги оралиқ масофа борган сари кенгайиб кетмоқда. Буни ўтган даврда амалга оширилган ишлар қадр-қиматини эътироф қилган ҳолда, айтиш лозимки, иқтисодиёт очиқланмаганлиги, эришилган натижадорлик халқаро майдонда намоён этилмаганлиги, яъни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этишнинг амалдаги анъанавий тартибида халқаро майдонда расмий тан олинган талаблар эмас, балки кўпроқ миллий иқтисодиётнинг устуворлиги юқори қўйилганлиги билан изоҳласак тўғри бўлади. Бугун эса муҳит тубдан ўзгарди. Ўзбекистон ташқи дунёга тўлиқ очилди. Шу маънода, бугун бухгалтерия ва аудит соҳаси мутахассислари олдига ҳисобдорликни янги дунё муносабатлари тизимга мос ҳолда йўлга қўйиш вазифаси қўйилмоқда. Бунинг ечими эса оддий эмас.Чунки бу борада бир қатор муаммолар мавжуд. Аввало, бизнес субъектлари фаолиятининг реал натижаларини аниқлаш, уларнинг ютуқларини тан олиш, баҳолаш ва очиқлашдаги амалдаги тартиблари иқтисодий ресурсларни бўлғуси хақиқий эгалари манфаатларига мос тушмайди.
Иккинчидан, бизнес субъектлари даромад ва харажатларининг аниқ ўлчанган қийматлари потенциал қизиқувчилар манфаатларига мос тушмайди. Бунда фойданинг аниқлиги, нақдлиги ва сифатини таъминлаш назарда тутилмоқда.
Учинчидан, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, тақдим этишдаги ўринсиз, ортиқча, қатъий талабларнинг белгилаб қўйилганлиги, шунингдек, бизнес субъектларининг ўз мулклари доирасида аниқ бошқарув қарорларини тайёрлашда ҳисобнинг майда бирликларига қадар қатъий тартибнинг белгилаб қўйилгани бухгалтерия ходимларининг эркин ва касбий тажрибага таянган холда хулоса тайёрлаш ҳамда уларни манфаатдорларга тақдим этиш имкониятини бермайди. Бу бизнес вакиллари реал ҳолатни ўзлари истаган тарзда эмас, улар фойдаланалаётган ресурслар эгалари истаган тарзда кўради, деганидир.
Тўртинчидан, бизда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш, юритиш ва ҳисоботни тузиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда ташқи назоратга устунлик берилган. Одатда назоратнинг ички турига кўпроқ аҳамият қаратиш талаб этилади. Чунки ички назорат тўғри ва самарали ташкил этилса, ташқи назоратга зарурият қолмаслиги халқаро стандартларнинг энг муҳим шарти ҳисобланади.
Бешинчидан, бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига қанчалик мослаштирилмасин, агар ахборотлар оқими очиқланмаса, бизнес субъектларининг реал молиявий аҳволи, натижалари ва уларнинг ўзгаришларини аниқ акс эттириш имкони бўлмайди.
Янги босқични бошлаб берган муҳим ҳужжат
Айти жоизки, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган қарори Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий қилиш ҳамда бухгалтерия соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Шундан келиб чиқиб, бизнес субектлари томонидан қўлланилаётган ва юритилаётган бухгалтерия ҳисоби тоамилларида халқаро нормаларга номувофиқлик даражасининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак. Хусусан, шу пайтгача бизнес субъектларида ташқи инвестициялар оқими бўйича капитал оқимига доимий тайёрлаб бориш стратегияси йўқ. Яъни уларнинг биронтасида ўзининг муваффақиятли инвестицион тарихи шакллантирилмаган. Бизнеснинг реал, потенциал қийматини аниқлашга мулкдорда ҳам давлатда ҳам қизиқиш бўлмаган. Муваффақиятли битимларга келишишда бизнес ҳисобдорлигининг аудиторлик хулосаси ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Ички назоратни йўлга қўйишнинг амалдаги тартиби бошқарув сифатига боғланмаган. Тартибли жамоани шакллантиришда кадрлар муаммоси долзарблигича қоляпти. Бу каби ҳолатлар бухгалтерия ҳисобининг халқаро гормонизацияни, унинг интеграцион жараёнларга тўла мослашувини, глобаллашув жараёнида ахборотларнинг ягона маконини шакллантиришга тўсқинлик қилади, албатта.
Халқаро стандартлар расмий эълон қилинадиган ҳисоботларда бизнес, бошқарув ва фаолият натижадорлигини объектив ҳамда реал акс эттиришга, бизнеснинг давомийлиги, ривожланиш ва тараққиётниинг муҳим тенденцияларини аниқ кўра билишга имкон беради. Бу эса жалб қилинадиган ташқи инвестициялар ҳажми оширишга, халқаро алоқалар мустаҳкамланишига, салоҳиятли харидорлар гуруҳи шаклланнишига, умуман, халқаро доирада нуфуз ошишига замин яратади.
Ўзаро ҳамкорлик ва манфаатдорлик ошади
Ҳозиргача молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари расмий тўртта — француз, немис, рус ва поляк тилларига таржима қилинган. Айни пайтда эса хитой, япон, португал ва испан тилига таржима қилиш жараёни кечмоқда. Норасмий тартибда эса 30 дан ортиқ тилларга, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Бу эса қарор ижросини таъминлашда қўл келади.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш, корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий, мулкий ва молиявий ҳолатини, уларнинг ўтган даврлардаги молиявий натижаларини қиёсий ўрганиш орқали объектив баҳолаш орқали келгусидаги фаолиятни кенгайтириш, ташқи молиявий манбааларни излаб топиш, халқаро молиявий институтлардан капитал жалб қилиш имконини беради.
Мазкур ислоҳотлар, биринчи навбатда, йирик бизнес субъектларининг МҲХСга ўтишларига қаратилган “Йўл харитаси” бўлиб, уларда анъанавий тарзда амалга ошириб келинган ҳисоб тизими тубдан қайта кўриб чиқилишини назарда тутади. Хусусан, ушбу “Йўл харитаси”да мамлакатимизда фаолият юритаётган акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан бошлаб, МҲХС асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этишлари, 2021 йил якунидан бошлаб, молиявий ҳисоботни МҲХС асосида тайёрлашлари белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, қарорда, 2021 йил якунига қадар бухгалтерларни халқаро сетификатлаш доирасида “МҲХС бўйича молиявий ҳисобот” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд CIPA — Сертификатланган халқаро профессиональ бухгалтер, АССА— Буюк Британиянинг малакали бухгалтерлар уюшмаси, СРА— Тармоқ орқали ўзаро фойдали ҳамкорлик дастури ва DipIFR — Халқаро молиявий ҳисобот бўйича диплом каби сертификатларидан бирига эга бўлган камида уч нафар бухгалтерия хизмати ходими билан таъминлашлари лозимлиги алоҳида қайд этилган.
Мазкур қарорда, аккредитациядан ўтган ўқув марказлари орқали ва соҳага оид ОТМ укув дастурлари асосида қадрларни тайёрлаш масаласи юзасидан аниқ топшириқлар берилганлигини ҳам кўриш мумкин.
Қарор, албатта, йиллар давомида шаклланиб келган, бухгалтерлар, аудиторларнинг ҳисоб хизматларини йўлга қўйишдаги анънавий ёндашувлардан тўлиқ воз кечишни талаб қилмайди. Аксинча, бухгалтерлар, аудиторларнинг профессионал тажрибаларига кўпроқ таянишга, эркин бўлишга, яъни ягона қолипдан чиқишга ҳам ундайди. Шу билан бирга, бизнес субъектларининг катта қисмини ташкил этадиган кичик бизнес субъектларида бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари амал этишини инкор қилмайди. Яъни улар тўлиқ хўжалик опреацияларини, молиявий ҳисоботларни тайёрлашни халқаро стандартларга яқинлаштирилган, мувофиқлаштирилган амалдаги нормалар асосида юритишни йўлга қўядилар.
Албатта, ўзларининг молиявий ҳисоботларини МҲХСга мувофиқ тайёрлайдиган бизнес субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари бўйича молиявий ҳисобот тақдим этишдан озод этиладилар.
Карорда шунингдек, МҲХСни жорий этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ваколатли орган этиб белгиланиши билан бир қаторда ҳисоб сиёсатининг айрим жиҳатларини Республика бухгалтерлар ва аудиторларининг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳал қилиш зарурлиги қайд этилди.
Ўз навбатида, қарор ижросида Олий таълим вазирлиги билан ҳам ҳамкорликда ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим жиҳатлар белгиланади. Тажриба-синов тариқасида олинган ОТМ (Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона политехника институти)ларида «Бухгалтерия ҳисоби» ва «Аудит» фанлари бўйича педагог ходимларини аккредитациядан ўтган ўқув марказларида МҲХС бўйича тезлаштирилган тарзда ўқитиш жадвалини тасдиқлашлари лозим.
Жадалликни кескин ўгаришларсиз тасаввур этиб бўлмайди
Қарордаги жаддалликни бухгалтерия ҳисоби, аудит, шунингдек, бошқарув соҳаси бўйича олий малакали кадрлар тайёрлаш тизимидаги кескин ўзгаришларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Негаки, ўқув марказлари ва ОТМларнинг амалдаги ҳолати, уларнинг моддий-техник таъминоти, ўқититишнинг интенсивлигини таминлашдаги салоҳият имкониятлари соҳадаги сиғимийликни юмшатиши бир мунча қийин кечади.
Шу жиҳатдан қатъий белгилаб қўйилдики, 2021 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтган ўқув марказлари лицензияланадиган фаолият турларини амалга ошириш бўйича қонунчиликда назарда тутилган талабларга риоя қилиш шарти билан, тегишли лицензия олмасдан МҲХС ва АХС бўйича ўқитиш ва малака ошириш юзасидан лицензияланган фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, барча тажриба-синов олий таълим муассасаларида бухгалтерия ҳисоби ва аудит бўйича фанлари фақат халқаро сертификатлаш доирасида «МҲХС бўйича молиявий ҳисобот» ёки «АХС бўйича аудит» фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисида ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган ўқитувчилар томонидан ўқитилиши белгилаб берилди.
Кадрлар тайёрлаш борасида яна бир муҳим жиҳатга тўғри ёндашилган. У ҳам бўлса халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорларни олий таълим муассасалари магистратурасининг “Бухгалтерия ҳисоби” ва “Аудит” мутахассисликларига кириш имтиҳонларини топширмасдан тўлов-контракт асосида кириш ҳуқуқининг берилганлигидир. Бу кадрлар тайёрлашнинг узвийлигини таъминлайди.
Профессионал, амалиётчи бухгалтерлар учун энг муҳим ва оғриқли масалалардан биттаси бизнес субъектларини солиққа тортиш билан боғлиқ бўлган масаладир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар солиқ ҳисоботи шаклини қайта кўриб чиқиши ва унинг МҲХС бўйича тайёрланган молиявий ҳисоботга мослаштирилган шаклини ишлаб чиқиши лозим.
Шу ўринда айтиш керакки, ўтган вақт мобайнида мобайнида Тошкент молия институтида бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳаси бўйича 15 минг нафардан ортиқ мутахассислар тайёрланди. Улар бугунги кунда, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўз ихтисосликлари бўйича фаолият олиб боришмоқда. 2019/2020 ўқув йилида Тошкент молия институти билан Малайзия ва Беларусь Республикасининг етакчи ОТМлари ҳамкорлигида қўшма факультетлар ташкил этилиб, “3+1” ва “1+1” дастурлари доирасида “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит” таълим йўналиши ва муайян магистратура мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилганлиги ҳам эътиборга молик.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш юзасидан тажриба-синов олий таълим муассасаси сифатида белгиланган Тошкент молия институтида қарор ижроси юзасидан белгиланган муҳим вазифалар ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш борасида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да кўрсатиб ўтилган қатор чора-тадбирларнинг босқичма-босқич ижроси таъминланмоқда. Масалан, “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари”,“Аудитнинг халқаро стандартлари”, “Тижорат банкларида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари”, “Бюджет ҳисобининг халқаро стандартлари” каби фанлар бўйича ўқув ва ишчи ўқув дастур(силлабус)лари ишлаб чиқилиб, амалдаги ўқув режалари таркибига киритилиб, ўқитилиши йўлга қўйилди. Шунга монанд равишда институтда “Халқаро бухгалтерия ҳисоби”, “Аудитнинг халқаро стандартлари”, “Бюджет ҳисобининг халқаро стандартлари”, ва “Тижорат банкларида молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари” каби фанлардан ўқув адабиётлари яратилди. Бухгалтерия ҳисоби, аудит соҳаси бўйича малакали қадрлар тайёрлашда тўлиқ халқаро тажриба атрофлича ўзлаштирилди.
Хулоса сифатида айтганда, қарорнинг кенг кўламли ва сифатли ижросида қадрлар масаласи асосий масала ҳисобланади. Шундай экан, бизнес субъектларининг халқаро бизнес тиллашувида ўз номидан ахборотлар оқимини барча учун тушунарли ҳамда аниқ шаклларда очиб беришга кодир бўлган бухгалтерия ҳисоби, аудит соҳасининг профессионал маҳоратли, шахсий тажрибалар ва интуицияларда алданмайдиган кадрларни тайёрлаш устувор вазифамиз бўлмоғи керак.
А. КАРИМОВ,
И. ҚЎЗИЕВ,
М. РАҲИМОВ,
Тошкент молия институти профессорлари