“Энг яхши мақола” конференция-танлови

“Энг яхши мақола” конференция-танлови

Тошкент молия институти талаба-ёшлари ўртасида “Ўзбекистонда банк, молия ҳамда бухгалтерия ҳисобини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари” мавзусида “Энг яхши мақола” конференция-танлови

 

НИЗОМИ

 

Умумий қоидалар

 

1.1. Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг фан олимпиадаларига иштирокини кенгайтириш, илмий фаолиятга бўлган қизиқишларини ошириш шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 30 августдаги ПҚ-4433-сон Президент Қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ва ва 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганлигини инобатга олган ҳолда ташкил этилади.

1.2. “Ўзбекистонда банк, молия ҳамда бухгалтерия ҳисобини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари” мавзусида “Энг яхши мақола” конференция-танловида Тошкент молия институтида таҳсил олаётган талабалар ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этадилар.

1.3. Танлов “Энг долзарб мавзудаги мақола”, “Энг яхши илмий аосланган мақола” ҳамда “Энг яхши инновацион ғоя”  йўналишларида ўтказилади.

1.4. Танловда иштирок этишни хоҳловчи талабалар ва магистрантлар куйидаги йўналишларда мақолалари билан иштирок этишлари мумкин:

- Мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий сохаларни ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг халқаро имижини янада ошириш;

- Ўзбекистонда молия банк ва солиқ тизимида рақамли технологияларни қўллаш имкониятлари;

- Иқтисодий ривожланишни ривожлантириш, ишбилармонлик мухити ва инвестициявий жозибадорликни яхшилаш масалалари;

- Банк ва молия тизимини ислоҳ қилиш ҳамда сохага замонавий бозор механизмларини жорий этиш истиқболлари;

- Бухгалтерия хисоби ҳамда молиявий хисоботларни халқаро стандартларга мослаштириш йўналишлари.

1.5. Тошкент молия институтида ташкил этилаётган ушбу танловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёни институтнинг Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш бўлими томонидан амалга оширилади.

 

II. Танловнинг мақсади ва вазифалари

 

2.1. Танловнинг асосий мақсади – иқтидорли талабаларни саралаш, уларнинг илмий фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб қувватлашдан иборат.

2.2. Танловнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

- ёшларнинг иқтисодий билимларини янада ошириш;

- ушбу йўналиш бўйича кенг ва чуқур илмий ўрганишлар олиб бориш;

- талаба ёшларни ушбу йўналишда олиб бораётган илмий ўрганишларига шарт-шароитлар яратиш;

- мустақил ва эркин фикрга эга истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш;

 

III. Танловнинг ўтказиш босқичи ва муддатлари

 

3.1. “Ўзбекистонда банк, молия ҳамда бухгалтерия ҳисобини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари” мавзусида “Энг яхши мақола” конференция-танлови бир босқичда ўтказилади. Конференция институт талабалари ўртасида жорий йилнинг 20 апрель  куни бўлиб ўтади. Танловга талабгорлардан мақолалар 2021 йил 10 апрелгача қабул қилинади.

 

IV. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш

 

4.1. Танловнинг ўтказиш бўйича институтда мавжуд соҳа профессор-ўқитувчилари, олимлари, мутахассислари жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат таркибида ҳакамлар Хайъати тузилади. Талабалар томонидан йўналишлар бўйича тайёрланган ижодий ишлар институт кесимида тузилган ҳакамлар Хайъати томонидан танлов шартлари ва меъзонлари асосида баҳоланади.

 

V. Танлов шартлари ва баҳолаш меъзонлари

 

5.1. Танловга тақдим этиладиган ишлар қуйидаги меъзонларда баҳоланади:

         - мавзунинг мазмун-моҳияти тўлақонли очиб берилганлиги;

         - ижодий ишларнинг стилистик ва грамматик жиҳатдан тўғри ёзилганлиги;

         - мавзуни ёритишда адабиётлардан фойдаланганлик даражаси ва таҳлилий ёндашувлар, мустақил фикрларнинг аниқ билдирилганлиги;

         - мавзуни ёритишда статистик маълумотлар ва графиклардан фойдаланганлиги;

         - мавзуга оид долзарб масалалар, уларнинг ечимлари тўғрисида таклифлар келтирилганлиги;

         - ишлар ҳажми 5-7 бетдан кам бўлмаслиги;

         - ишларда калит сўзлар, ўзбекча, русча ҳамда инглизча аннотациялар мавжудлиги.

5.2. Ҳар бир мезон 10 баллик тизим асосида баҳоланади (жами 70 балл).

 

VI. Ҳужжатларни тақдим этиш тартиби

 

6.1. Танловга тақдим этиладиган иш (ўзбек, рус ёки инглиз тилларида), компютер Word дастурида, Times New Roman 14 шрифтда, 1 интервалда, чапдан 30 мм ўнгдан 15 мм, юқори ва пастдан 20 мм жой қолдирган ҳолда ёзилган бўлиши ҳамда матнлар илмий, техник, стилистик таҳрир қилинган бўлиши шарт.

6.2. Юқоридаги талабларга жавоб бермайдиган ишлар қабул қилинмайди.

 

VII. Танлов ғолибларини тақдирлаш

 

7.1. Танловда юқори (1,2,3) ўринни эгаллаган талабалар олий таълим муассасалари томонида махсус диплом ва пул мукофотлари, шунингдек, танловда фаол иштирок этган талабалар институт ректорининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланади. Юқори (1,2,3) ўринни эгаллаган талабаларнинг ижодий ишлари  институтнинг “Халқаро молия ва ҳисоб” илмий-электрон журналида ҳамда “Молия” илмий журналида нашр этилади ҳамда саралаш комиссиясидан муваффақиятли ўтган барча мақолалар илмий-амалий конференция тўпламида нашр этилади.

12:10 / 2021-03-19
Success helper
Success warning