Тошкент Молия институти ректори У.Ў.Азизовнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат фахрийлари ҳамда жамоа аъзоларига байрам табриги

Тошкент Молия институти ректори У.Ў.Азизовнинг 9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан меҳнат фахрийлари ҳамда жамоа аъзоларига байрам табриги

     Қадрли меҳнат фахрийлари ҳамда жамоамиз аъзолари!

   Бугун юртимизда энг улуғ ва энг азиз байрамларидан бири, шарқона қадриятларимиз, урф-одатларимизнинг тимсоли бўлган 9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Шу фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва  Сизлар орқали юртимиздаги барча уруш ва меҳнат фахрийларини “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” байрами билан институт раҳбарияти номидан самимий табриклайман.

   Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳтарам Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 9 май куни Тошкент Ботаника боғида “Хотира ва қадрлаш куни”га бағишланган байрам тадбирида “...минг-минглаб жасур ота-боболаримиз дунёдаги кўплаб халқлар қаторида бу мудҳиш урушда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдилар. Бу сўнмас жасорат, мана, 74 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб келмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади” деган сўзлари барчамизни уруш ва меҳнат фахрийларининг жасорати, чеккан заҳматли меҳнатлари олдида таъзим қилишга, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукроналар қилишга, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етишга, уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлашга чорлайди, албатта.

   Инсон шаъни юксалган ва меҳнати қадр топган юртимизда кексаларимизни эъзозлаш, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш асрлар оша давом этиб келаётган ҳамда қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас қадриятдир. Хотира ва қадрлаш куни ҳам том маънода халқимиз, айниқса, ёшларимиз онгу шуурида ўтганларни ёд этиш, тирикларни қадрлаш, ўзаро меҳр-оқибатли бўлишдек инсоний фазилатларни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Шу ўринда, марҳум профессор-ўқитувчиларимиз – академик М.Шарифхўжаев, Х.Р.Собиров, Т.Джумакулов, Х.Салимов, Э.Эгамов, М.Хамраев, К.Шоакрамов, Ж.Исроилов, М.Норқобилов, М.Мирсаидов, М.Каримов, А.Исломов, К.Яхёев, Р.М.Казарова, Х.Кашапов, Р.Қодирова, Д.Абидова, М.Раемов, А.Корабоев, З.Йўлдошев ва бошқа кўплаб профессор-ўқитувчиларимизнинг институт ташкил топиши ва ривожланиши йўлидаги кўп йиллик меҳнатларини ҳаммамиз биламиз, хотирлаймиз, эътироф этамиз ва доимо ёдда сақлаймиз.

   Шу билан бирга ҳозирги кунда талабаларга таълим-тарбия, ёш ўқитувчиларимизга эса педагогик маҳорат сирларини ўргатиб келаётган барча еши улуғ устозлар, шунингдек, кўп йиллар давомида институтда ишлаб, ҳозирги кунда нафақада бўлган – А.Сотиволдиев, Т.Шагиясов, Қ.Сафаева, З.Боборахимова, Қ.Усмонов, Ф.Каримов, Г.Алистратов ва бошқа ўнлаб фаҳрий устозларимизнинг институтда таълим-тарбия жараёнини ривожлантириш йўлида амалга ошираетган фаолиятлари учун барчамиз миннатдормиз.

 

   Барчамизга маълумки, мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш мақсадида карантин эълон қилинди. Бу борада жуда катта куч сарфлаб, кўп саъй-ҳаракатлар, халқимизнинг кўмаги ва чуқур тушуниши, сабр-тоқати билан Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб туришга эришилди. Шундай бўлса ҳам ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз шарт. Мамлакатимизда юзага келган эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, ҳар йили институтимизда фаҳрий профессор-ўқитувчи ва ишчи-ходимларимиз учун бир пиёла чой дастурхони ташкил этиш ҳамда байрам муносабати билан эсдалик совғалари билан тақдирлаш анъанасини карантин даври тугаганидан кейин барчамиз учун маъқул санада ўтказилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман.

 

   Ҳурматли фахрийларимиз!

   Сизларни 9 май - Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан самимий табриклайман.

Осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлган жонажон Ўзбекистонимизда Сизлардек фидоий, меҳнаткаш ҳамда дуогўй фаҳрийларимиз бор экан, албатта мустақиллигимиз абадий, ҳаётимиз фаровон бўлиб, бундай синовли кунлардан беталофат ўтиб олишимизга ишонаман.

Институтимиз жамоаси номидан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, хонадонларингизга файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик тилаб қоламан.

 

 

 

Ҳурмат билан,

Тошкент Молия институти ректори                          У.Азизов

10:43 / 2020-05-09
Success helper
Success warning