Хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ - ТЎЛҚИН ТЕШАБАЕВ
Янги Фармон моҳияти
Энди ёшларимиз иш изламайди!
Бугунги глобаллашув шароитида жаҳоннинг мафкуравий манзараси соат сайин ўзгараётир. Бу эса, энг аввало, онгу шууримизни турли хатарли таҳдидлардан ҳимоя қилишни тақозо этади. Айниқса, ёшлар масаласида хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ.
Хўш, баъзи йигит-қизларимизнинг бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолиши, жиноятчилик кўчасига кириши, ичкиликбозлик, гиёҳвандликка ружу қўйишига нима сабаб бўляпти? Фикримизча, муаммонинг илдизи — бекорчиликда! Ишсизлик, доимий даромад манбаининг йўқлиги эса турмушда қийинчиликларнинг ортишига олиб келади. Оқибатда уларнинг енгил йўл билан пул топиш йўлига ўтиши эҳтимоли катта. Ёки худди шу омил туфайли бўш вақтини мақсадсиз ўтказаётган йигит-қизлар қанча?!.
Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсати эса бундай ҳолатлар билан асло муроса қилолмайди. Давлат мамлакат келажагини баркамол авлодга ишониб топширишни истайди. Демак, биринчи навбатда, юртимизда ёшлар бандлигини таъминлашга доир ислоҳотлар самарадорлигини ошириш жоиз. Бу борадаги энг катта имконият ва захира эса тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир.
Сизни ўзлари топишади...
Таҳлилларга кўра, республикамиз бўйича 648 минг нафар ишсиз “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлса, жорий йил биринчи чорагида улардан 283 минг нафарининг бандлиги таъминланган. Хусусан, 175 минг нафар йигит-қизга 45 минг гектар ер майдони ажратилган. Эндиликда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш ва бандлигини таъминлаш бўйича янги механизмлар жорий этилади. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан имзолаган “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳуқуқий асос бўлади.
Хўш, мазкур ҳужжатда қандай ислоҳотлар кўзда тутилган?
Ҳаммамизга маълум ҳолат: одатда, иш берувчилар тажрибали ва малакали кадрлар билан меҳнат шартномаси тузишни исташади. Тўғри, навқирон авлод вакилларидаги ғайрат-шижоат, изланиш ва ўрганишга бўлган иштиёқ, илмга чанқоқликни катта авлод вакиллари билан қиёслаш ноўрин. Аммо меҳнат жамоаларида устоз-шогирдлик анъанасини тизимли йўлга қўйиш кўп вақт, меҳнат ва эътибор қиладиган жараён. Ҳозирги кучли рақобат муҳитида эса иш берувчилар эндигина институт ё университетни, ўрта махсус билим юртини тамомлаган тажрибасиз мутахассисдан кўра, соҳада суяги қотган кадрларни афзал кўришади. Оқибатда яқиндагина дипломини қўлига олган ёшларимиз бу жараёнда баъзида танловдан панада қолиб кетишади.
Энди эса давлатимиз бу эскича амалиётга рағбат тизими орқали чек қўймоқчи. Қандай қилиб, дейсизми?
Фармонга мувофиқ, шу йилнинг 1 майидан 2023 йил 1 январга қадар иш берувчиларга 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб берилади. Бунда, солиқ суммаси ёшлар 6 ой давомида узлуксиз ишлаганда, 7-ойдан бошлаб қайтарилади. Мазкур тартибни жорий этиш ҳисобига 2021 йилда 346,4 минг нафар ёшни ишга қабул қилиш ва тадбиркорларга 253 миллиард сўмдан ортиқ солиқ суммасини қайтариш режалаштирилган. Бу — биргина йўналиш.
Шунингдек, 2021 йил 1 майдан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларга тадбиркорликни бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиши учун меҳнат қуролларини харид қилишга 9,8 млн сўмгача “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан субсидиялар ажратилади.
Бинобарин, “Ёшлар дафтари”даги ишсизларни ишга олган тадбиркорларга давлат мулки ижараси бўйича қатор имтиёзлар берилмоқда. Масалан, 5 ва ундан ортиқ йигит-қизни ишга қабул қилганда давлат мулки ижараси учун тўлов 50 фоиз миқдорда тўланади. Ходимлар сонининг камида 70 фоизини ёшлар ташкил этганда эса давлат мулки электрон савдоларисиз берилади ва тадбиркор 5 йилгача ижара тўловидан озод этилади.
Бунақаси шу пайтгача бўлган эмас. Давлат ушбу ислоҳоти билан бир йўла икки томон — ҳам иш берувчи, ҳам ишга кирувчи ёшларни қўллаб-қувватлашни мақсад қилган. Агар белгиланган механизм тўғри йўлга қўйилса, маълум вақт ўтиб иш излаган ёшларни эмас, ёш кадрларни излаган талабгор иш берувчиларни тез-тез учрата бошлаймиз.
Харажатларингизни давлат қоплайди!
Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида имкониятлар турфа хил. Кимдир бирор ташкилот ё корхонага кириб, шу ерда ишлаб рўзғор тебратишни истайди. Яна бир тоифа салоҳиятли йигит-қизларимиз борки, улар мустақил фаолият олиб бориб, ўз бизнесини йўлга қўйишни истайди. Фармонда айни шундай ука ва сингилларимизнинг манфаатлари ҳам инобатга олинган. Чунончи, ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб “Ёшлар дафтари”га киритилган — деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётганларга “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармалари ҳисобидан уруғлик ва кўчат хариди учун 2 миллион сўмгача субсидия берилади.
Тадбиркорлик қилиш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёшларга эса йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, 6,1 миллион сўмгача бўлган қисми “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан компенсация қилинади. Профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларига корхоналарда амалиёт ўтган вақти учун 6 ой давомида ҳар ой 490 минг сўмдан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия тўланади.
Давлатимиз раҳбаринг юқоридаги фармони фақат ёшларимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилган экан-да, деб ўйласангиз янглишасиз. У ҳалол меҳнат эвазига фарзандларини олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитаётган ота-оналар учун ҳам қатор имтиёзларни тақдим этади. Тасаввур қилинг, яхши ниятлар билан ўзидан орттириб бир йўла икки-уч фарзандини университет ва институтларда ўқитаётган оилалар бор. Ёки янги турмуш қурган, рафиқаси контракт асосида таҳсил оладиган ёш оилалар қанча?! Давлатимиз энди шулар ҳақида ҳам қайғура бошлади. Маълумотларга мурожаат қилсак, ҳозирги кунда профессионал таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида 83 минг нафар талаба ўқимоқда. Уларнинг тўлов-контрактига йўналтирилган иш ҳақидан ҳисобланган солиқ суммаси 39,8 миллиард сўмни ташкил қилади.
Фармонга биноан, ўзи, 26 ёшгача бўлган фарзандлари ёки турмуш ўртоғи профессионал таълим муассасасида ўқиши учун йўналтирган тўлов-контракт суммаси даромад солиғидан озод этилади. Бу кўпчилик ота-оналар, йигит-қизларимиз учун катта имконият ва имтиёздир.
Бир миллион дастурчимиз бўлса...
Мамлакатимизда рақамли технологиялар бўйича мутахассислар авлодини тайёрлаш ва дастурлаш бўйича уларга керакли билим ва кўникмалар бериш мақсадида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунга қадар лойиҳа доирасидаги ўқув курсларини 50 минг нафар ёшлар тамомлаган. 2021 йил 1 июндан бошлаб “Бир миллион дастурчи” ўқув курсини тугатган ёшларга компьютер хариди учун 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилгача 21 фоиз ставкасида 6,1 миллион сўмгача истеъмол кредити ажратилади.
“Ёшлар дафтари”га кирган йигит-қизларга “репетиторлик” харажатларининг 50 фоизи, бироқ 1,2 миллион сўмгача бўлган қисми ҳамда миллий сертификатлар имтиҳони харажатлари (334,5 минг сўмдан 1,2 миллион сўмгача), Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ва “Ёшлар дафтари”га кирганларнинг ҳайдовчилик курслари харажати (1 миллион сўмгача) ва сафарбарлик резерви хизмати бадали (5,2 миллион сўмгача) ҳам тўлаб берилади. Бунда барча харажатлар Давлат бюджетидан Ёшлар ишлари агентлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, иш бошлаганига олти ойдан ошмаган, “Ёшлар дафтари”га кирган ёшларни қайта тайёрлов курсларининг 1 милллион сўмгача бўлган харажати давлат бюджетидан компенсация қилинади.
Бу ислоҳотлар келгусида кадрлар тайёрлаш сифатини юксалтиришга шак-шубҳа йўқ. Қолаверса, янги билим ва ғояларга бой ходим ўзи ишлаётган корхонанинг обрўси, мавқеини ошириш учун сидқидилдан меҳнат қилиши ҳам табиий. Бундай жойда ўсиш, ривожланиш бўлмайди, деб айта оласизми?!
Ижарада яшайсизми? Энди қайғурманг!
Бобо-бувиларимиз, ота-она ва ака-опаларимиз, ўзимиз ва ҳозирги авлоднинг талабалик билан боғлиқ хотираларига қулоқ тутсангиз, аксарияти ётоқхонама-ётоқхона, ижарама-ижара сарсон юриб, стипендиясини етказолмай машаққат чекканини чуқур хўрсиниш билан эслашади. Бугунги даврга келиб эса бу масала янада ўткир муаммога айланяпти. Аммо дўппини бошдан олиб, чуқурроқ мушоҳада қилинса, бундай маиший масалалар, ёшларимизнинг ўқишига салбий таъсир кўрсатаётганини англаб етасиз. Боз устига, бу ўринда ота-оналарга ҳам осон тутиб бўлмаслигини ҳис қиласиз. Энди-чи? Нима ўзгарди, дейсизми? Статистика маълумотларга кўра, ҳозир олий таълим муассасаларида таълим олаётган 102,4 минг нафар талаба ижарада яшаб келаётган экан. 2021 йил 1 майдан бошлаб ётоқхона билан қамраб олинмаган талабаларнинг 60 фоизига ҳар ойда ижара тўловининг 50 фоизи, бунда Тошкент шаҳрида 245 минг сўмдан, қолган ҳудудларда 122 минг сўмдан ошмаган қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Қолган талабаларга олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ижара тўлови компенсация қилинади.
Адашганлар сафи кескин камаяди
Фармон билан ёшларни қўллаб-қувватлашга доир яна кўплаб чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Халқ банкининг “Юз минг тадбиркор хотин-қизлар” лойиҳаси доирасида қиймати 33 миллион сўмгача тайёр бизнес-режалар банки яратилади. Ёшлар ишлари агентлиги қошида Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади ва давлат бюджетидан жамғармага 100 миллиард сўм ажратилади.
Олий таълим муассасалари атрофидаги маҳаллаларда яшайдиган, уюшмаган ёшларни хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, спорт, маданият ва китобхонлик тўгаракларига жалб этиш, уларнинг маънавий дунёқарашини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда “Ёшлар дафтари”га кирган ёшлар учун олий ўқув юртларига бепул тайёрлов курсларининг очилиши яна бир қулай имконият. Бу тизим йўлга қўйилса, давлатимиз раҳбари умид қилганидек, адашган ёшлар сони кескин камаяди.
Хуллас, юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур ҳужжат бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз. Ҳамма гап энди ушбу тарихий фармоннинг тўғри, изчил, ўз вақтида ва оқилона ижро этилишида!