ТАРИХЧИЛАР, ТЕМУРШУНОСЛАР НЕГА ЖИМ?

ТАРИХЧИЛАР, ТЕМУРШУНОСЛАР НЕГА ЖИМ?

...Икки ой кутдим. Ками қолмади, шекилли. Энди ҳам нафасимни ичимга ютиб ўтирсам – инсофдан бўлмас. Бунинг устига, бир пайтлар (1974-1975 йилларда) Республика “Ёш тарихчилар ва жамиятшунослар” олимпиадасининг икки карра ғолиби бўлганман. Қўлимга тегишли гувоҳнома ва ёрлиқларни ўша пайтдаги Фанлар академияси Президенти О.Содиқов ва Маориф вазири С.Шермуҳамедовларнинг имзоси-ю, муҳри билан Республика “Партия тарихи” институти директори, тарих фанлари доктори, профессор М.Охунова топширганлар...

 

         Шундай бўлса-да, менга боғлиқ бўлмаган баъзи бир сабабларга кўра, тарихчи бўлолмаганман. Пешонамга иқтисодчи бўлиш ёзилган экан. 25 ёшимда номзодлик ва 35 ёшимда эса докторлик диссертацияларини Ленинград (Санкт Петербург)да муваффақиятли ҳимоя қилганман. Минг шукур, бир “камбағал” профессор орзу қилиши мумкин бўлган барча лавозимларда (кафедра мудиридан тортиб, академия ректоригача) бирма-бир “ўтирганман”. Умумий ҳажми 1000 (минг) босма тобоқдан ошиб кетган “иш”лар муаллифиман...

 

...Айни кунларда эса тарихчи бўлолмаганимга афсусланиб ўтирибман. “Нега?”, - дейсизми? Ахир, тарихчи эмас, балки иқтисодчи олим, профессор Одил Олимжоновнинг “Адолат” газетасида “Буюк Темурнинг буюклигини эътироф этайлик!” номли мақоласи эълон қилинганига анча (қанчалигини юқорида айтдим) бўлган бўлишига қарамасдан, тарихчиларимизнинг “позиция”си, маъзур тутасиз, менга мақбул эмас. Тўғри, уларнинг бир нечаси бу борада ўз муносабатларини билдиришди. Лекин булар иқтисодчи-профессор томонидан кўтарилган  “масала”га нисбатан “явно” камлик қилмайдими? Нега бу “масала”да тарихчиларимиз, тарих “нон”ини еб юраётганлар, узр, сусткашликка ёки лоқайдликка йўл қўйишмоқда? Ёки ҳозирги тарихчиларимиз орасида шўролар даврида Темур ҳақида илк мақолаларни ёзишга журъат қилган, унинг “Темур тузуклари” асарини форс тилидан ўзбекчага таржима қилган  Буюк аллома Алихонтўра Соғуний, фидойи академиклар Иброҳим Мўминов, Бўрибой Аҳмедовларга ўхшаганлар йўқми?...

 

Яна бир бора, узр. Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!”, - деган нақл бор. Бунинг устига, ҳар ким ўз ишини қилса – олам гулистон, эмасми?!  Шу маънода, бу масалани тарихчиларимиз ҳам кўтариб чиқса ёки уни қўллаб-қувватлашса, “Нур устига – аъло нур!” бўлмасмиди?! Ҳамкасбим мақоласида билдирилган фикрларни – тўлдиришсачи?!: кемтик жойларини – “ямаш”са; ноаниқ жойлари бўлса – аниқлаштиришса; етмаганларини – тўлдиришса ... айни муддао-ку!...

 

Аслида, охирги  фикрларим, назаримда, Темир бобомизни буюк деб эътироф этишимизга – ортиқчалик қилади. Уларга –  ҳожат йўқ. Шундоқ ҳам бобомизнинг Буюклиги, маъзур тутасиз, “Кўрга – ҳассадек!”, маълум. Бизга фақат шуни тан олиш, эътироф этиш қолаяпти, холос.  Шу боис, бу масалада, айниқса, тарихчиларимизнинг, маълум маънода, “пассив”лик қилаётган-ларини қандай тушуниш мумкин?! Ёки тарихчиларимиз орасида темуршу-нослар анқонинг уруғига айланганми? Қолаверса, ушбу масалани қўллаб-қувватлаш ҳар бир тарихчимиз учун ҳам қарз-у, ҳам фарз эмасми?!...

 

Тоҳир Маликов,

Тошкент Молия институти кафедра мудири,

иқтисод фанлари доктори, профессор

12:20 / 2021-04-09
Success helper
Success warning