Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги қирралари

Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги қирралари

И.ф.д., профессор Т.З.Тешабаев,

ТМИ ректори

 

Халқаро молия-кредит ташкилотлари билан, шу жумладан, Ислом тарақққиёт банки (ИТБ) билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистон Республикасида давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида халқаро молиявий институтлар пул маблағларини жалб қилиш орқали молиялаштириладиган инвестициявий лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан Ислом тараққиёт банкининг 1,0 миллиард АҚШ долларидан бўлмаган миқдорда кредитларини жалб қилишни кўзда тутадиган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масаласини ишлаб чиқиш орқали Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга қаратилган муҳим чора-тадбир сифатида эътироф этилган.

 

Таъкидлаш жоизки, иқтисодий ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда мавқеининг кўтарилаётганлиги унинг халқаро молия-кредит ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун замин яратмоқда. Хусусан, Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” халқаро рейтингида Ўзбекистон беш йил ичида 141-ўриндан 69-ўринга кўтарилди.

 

Халқаро рейтинг агентликларининг энг юқори рейтинг баҳосига (ААА) эга бўлган ИТБ банки жаҳон молия тизимида ўз нуфузига эга бўлган халқаро молия-кредит ташкилоти ҳисобланади. Эътироф этиш жоизки, ушбу халқаро ташкилотнинг 46-йиллик йиғилишини 2021 йилнинг 2-4 сентябрь кунларида Тошкент шаҳрида ўтказилиши ИТБ томонидан Ўзбекистон Республикасига бўлган ишонч ва эътиборнинг намоён бўлиш шакли ҳисобланади.

 

Янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда мазкур йиғилишда бир қатор долзарб масалаларнинг муҳокама этилганлиги диққатга сазавордир, жумладан:

 

- корнавирус пандемиясидан (COVID-19) кейинги даврда тикланишни жадаллаштириш;

- камбағаллик кучайиб кетишига қарши курашиши ва аҳоли фаровонлилигини ошириш;

- аъзо мамлакатларда «яшил иқтисодий ўсиш»га кўмаклашиш.

Ҳозирги даврда, ИТБга аъзо мамлакатларда ер шари аҳолисининг 19 фоизи яшайди. Ер юзидаги қуруқлик майдонининг 25 фоизи, қишлоқ хўжалиги ер майдаонларининг 29 фоизи, қайта тикланадиган сув ресурсларининг 13,5 фоизи ушбу мамлакатларнинг ҳиссасига тўғри келади. Бироқ, Бирлашган миллатлар ташкилотининг методологияси бўйича мазкур мамлакатларнинг қарийб ярмиси (26 та давлат) дунёнинг ўта қашшоқ мамлакатлари ҳисобланади.

 

Мазкур анжуман ИТБ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб берди. Хусусан, ИТБ иштирокида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси тузилди. Жамғарманинг бошланғич устав капитали 100 миллион АҚШ доллари бўлиб, унда ИТБнинг улуши 20 миллион долларни, Ўзбекистон ҳукуматининг улуши 35 миллион долларни ва Саудия Арабистони инвесторларининг улуши 45 миллион долларни ташкил этади.

 

         Жамғарма кичик, ўрта ва йирик субъектларни қўллаб-қувватлаш орқали 100 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.

 

Бундан ташқари, ИТБ билан “Обод қишлоқ” дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг қишлоқ инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган кредит шартномаси имзоланди.

Шунингдек, Ўзбекистонда онкологик хизматларни ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 80 миллион доллар қарз шартномаси имзоланди. Трастбанк эса, Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси билан 15 млн долларлик ташқи савдони молиялаштириш бўйича кредит линияси очиш тўғрисида келишувга эришди.

 

Шуниси аҳамиятлики, ИТБнинг 46-йиллик йиғилишида банк аъзолари бўлган мусулмон мамлакатлари иқтисодиётини пандемиядан кейинги даврда тиклаш учун умумий қиймати 1,2 миллиард доллар бўлган 30 та келишув маъқулланди. Ана шу молиялаштиришнинг 330 миллион доллари (27,5%) Ўзбекистонга ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси 2003 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ИТБнинг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Шу даврдан бошлаб, Тошкент шаҳрида ИТБнинг ваколатхонаси фаолият юритмоқда.

 

ЎзбекистонРеспубликасининг ИТБга аъзолигининг ҳуқуқий асоси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ВазирларМаҳкамасининг 2013 йил 27 августдаги 371-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Ислом Тараққиёт банкига аъзолиги тўғрисида”ги қарори ҳисобланади.

 

Ўзбекистон Рсепубликаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4224-сонли “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтирииш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ИТБ билан ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.

 

Мазкур Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги узоқ муддатли шерикчиликнинг асосий йўналишлари қилиб қуйидагилар белгиланди:

 

- энергетика, йўл-транспорт, коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, уй-жой қурилиши, банк-молия тизимини ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорлик секторини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларини такомиллаштириш ҳамда республика тармоқлари ва ҳудудларини комплекс ривожлантиришнинг бошқа йўналишлари бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ИТБ гуруҳининг, шу жумладан, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ХСРБИК), Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ХИСМК), Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси (ИЭКСИК), Ислом тадқиқот ва таълим институти маблағларини жалб қилиш;

 

- банк секторида исломий молиялаштириш асосларини жорий этиш, давлат-хусусий шериклиги механизмларини, жумладан вақф-жамғармаларни ташкил этиш йўли билан қўллаб-қувватлаш дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда татбиқ қилиш;

 

- республика тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларининг инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт имкониятларини мустаҳкамлаш учун ХСРБИК, ХИСМК ва ИЭКСИК молиявий ресурслари ва маҳсулотларини фаол жалб этиш;

- Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги салоҳиятини ошириш;

- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий Халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш.

 

Афсуски, мамлакатимизнинг ИТБнинг устав капиталидаги улуши унинг иқтисодий салоҳиятига мос эмас. Ўзбекистоннинг ИТБнинг устав капиталидаги улуши 0,03 фоизни ташкил этади.

 

Эътироф этиш жоизки, ислом молиясини жорий қилиш Ўзбекистон молия тизимини ривожлантиришнинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турибди. Бу эса, ўз навбатида, ИТБ билан ислом молиясининг қонунчилик асосларини яратишда ҳамкорлик қилиш заруриятини юзага келтиради. Ушбу ҳамкорликни амалга оширишда ИТБнинг Ислом бизнеси ва молияларини ривожлантириш жамғармаси муҳим роль ўйнайди.

 

Мазкур Жамғарма 2010 йил 2 февралда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади бўлиб, Россия Федерацияси ва МДҲ (Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги) мамлакатларида ислом бизнеси ва молияларини ривожланиши ва такомиллашишига кўмаклашиш ҳисобланади.

 

Шу ўринда эътироф этиш жоизки, ИТБнинг 46-йиллик йиғилишида ИТБ томонидан Ўзбекистонда Ислом банки ва молия соҳасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш учун 265 минг АҚШ доллари миқдорида техник ёрдам гранти ажратиладиган бўлди.

 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси учун ИТБнинг Ислом тадқиқот ва ўқув институти билан ҳамкорлик қилиш муҳим амалий аҳамият касб этади. Бунинг сабаби шундаки, ислом молиясини республикамиз амалиётига жорий қилиш аҳолининг бу борадаги молиявий саводхонлигини ошириш заруриятини юзага келтиради.

 

Ислом тадқиқот ва таълим институти, мусулмон мамлакатларида аҳолининг саводхонлик даражасини ошириш ва касбий малакасининг ўсишига кўмаклашиш мақсадида, 1981 йилда ташкил этилган.

 

ХХ асрнинг 80-йилларида Ислом институти томонидан камбағалликни қисқартириш мақсадида стипендиялар дастурини молиялаштириш жорий этилди. 2020 йилнинг бошига келиб, ИТБга аъзо мамлакатлардан ва аъзо бўлмаган мамлакатларнинг мусулмон фуқароларидан 17 мингга яқин талаба ва олимлар Институт стипендиясини олишди.

 

Ислом тадқиқот ва таълим институтининг таълим дастурларини молиялаштиришнинг умумий ҳажми 134 млн. АҚШ долларини ташкил этади.

 

ИТБ ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик бўйича илк қадамлар қўйилмоқда. Ўзбекистон Халқаро ислом академияси билан ислом ривожланиш смарт синфи яратиш лойиҳаси бўйича 51535 AҚШ доллари миқдорида шартномалари имзоланди.

 

Ўзбекистон Республикаси амалиётига ислом молиясини жорий этилиши исломий молиявий воситалардан ва ислом суғуртасидан кенг кўламда фойдаланиш имкониятини юзага келтиради. Бунинг натижасида, Ислом инвестицияларни суғурталаш ва экспортни кредитлаш корпорацияси билан ҳамкорлик қилиш имконини юзага келади.

 

Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси ИТБга аъзо бўлган мамлакатлар ўртасидаги ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ва диверсификация қилиш мақсадида, 1994 йилда ташкил этилган. Кейинчалик унинг фаолияти йўналиши экспортнинг ўсишига кўмаклашиш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро савдо ва суғуртада исломий принципларни қўлланилишига кўмаклашиш ҳисобидан кенгайди.

 

Ҳозирги даврда Ислом инвестицияларни суғурталаш ва экспортни кредитлаш корпорацияси ИТБга аъзо мамлакатларнинг ихтисослаштирилган муассасалари билан, шу жумлада, экспорт агентликлари билан фаол ҳамкорлик қилади, тадбиркорлик рискини назорат қилиш инструментларини таклиф қилади. Аммо, корпорация шариат қоидаларига тўғри келмайдиган тижорат шартномаларини суғурта қилмайди.

 

Таъкидлаш жоизки, ИТБ барқарор ресурс базасига эга. Устав капитали ИТБнинг барқарор ресурс манбаи бўлгани ҳолда, у инвестицион фаолиятдан даромад олади ва жаҳон капиталлар бозоридан ресурслар жалб қилади. Бундан ташқари, ИТБ халқаро молия-кредит ташкилотлари билан инвестицион ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, ИТБ 2011 йилда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Осиё тараққиёт банки билан, 2018 йилда Жаҳон банки гуруҳи ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан инвестицион ҳамкорликни йўлга қўйган.

 

Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг замонавий босқичида инвестицияларни молиялаштиришнинг истиқболли шакли сифатида қаралмоқда. Шу сабабли, 2019 йилда алоҳида қонун - Ўзбекистон Республикасининг “Давлат-шериклик тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

 

Мазкур Қонунга кўра, давлат-шериклик тўғрисидадаги битим доирасида хусусий шерикнинг ва кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қўллаб-қувватлашнинг субсидия, активлар ва мол-мулк тарзидаги қуйилмалар, бюджет ссудалари, бюджет грантлари каби турларини тақдим этади.

 

Шу жиҳатдан олганда, ИТБнинг давлат-шериклик механизми Ўзбекистон учун амалий аҳамият касб этади. Бунда ИТБ ижтимоий аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар учун давлат-шериклик асосида молиявий ресурсларини тақдим этади.

 

Шуниси аҳамиятлики, ИТБ қисқа муддатли молиялаштиришни амалга оширишда Мурабаха шаклидан кенг фойдаланади. Мурабаха сотиб олиш ва қайтариладиган лизинг бўлиб, ишлаб чиқариш корхоналарининг айланма маблағларга, шу жумладан, катта ҳажмдаги хом-ашёга бўлган эҳтиёжини 24 ойгача муддатга бериладиган молиялаштириш асосида қондириш имконини беради.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамига бағишланган маросимдаги нутқида эътироф этганларидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичда давом эттирилаётганлигининг ёрқин намоёндаси сифатида эътироф этиш мумкин.

12:12 / 2021-09-08
Success helper
Success warning